Жаҳон | 22:02 / 13.04.2026
7463
5 дақиқада ўқилади

АҚШнинг янги режаси: Ҳўрмуз блокадаси амалга ошадими?

Покистондаги музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозини блокада қилиш қарорини эълон қилди. Режага кўра, назорат ҳудудлари бўғозга кириш йўлаклари ҳамда Эроннинг асосий портларига йўналган денгиз қатновини қамраб олади. Ундан ташқари, Қизил денгиз йўналишидаги Баб ал-Мандеб бўғози ҳам хавфли нуқта сифатида тилга олинмоқда.

Профессор Фарҳод Каримов Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида эҳтимолий блокада ҳаракатларини хариталар узра шарҳлаб берди.

Трамп Ҳўрмуз бўғозини блокада қилиш ниятида, ушбу блокада қандай тартибда амалга оширилади ва чекловлар қайси координаталарни қамраб олади?

Фарҳод Каримов: Ҳўрмузда назарда тутилаётган чеклов координаталари асосан кўрфазнинг жанубий-шарқий ҳудудларига тўғри келади. Аввало, Ҳўрмуз бўғозининг жанубий қисми, Бирлашган Араб Амирликларининг айрим ҳудудлари ҳамда Уммоннинг шимолий қирғоқ минтақаларини ўз ичига олади.

Унга кўра, Форс кўрфазининг жанубий-шарқий қисми тўлиқ назорат остига олиниши режалаштирилмоқда. Айнан шу ҳудудлар кемалар кириб-чиқадиган йўлаклар, яъни Ҳўрмуз бўғозига киришдан олдинги денгиз ҳудудлари асосий ҳарбий операциялар ва блокада амалга ошириладиган зона сифатида қаралмоқда.

Шу билан бирга, бўғозга кириш нуқталари ҳамда Уммон қирғоқлари яқинида миналардан тозалаш ва блоклаш ишлари олиб борилиши кутилмоқда.

Асосий ҳарбий фаолият эса Эрон қирғоқлари, Ҳўрмуз ороли ва бўғозга туташ ҳудудларда жамланиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, Қешм ва Ларак ороллари атрофида ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли юқори деб баҳоланмоқда. Айрим таҳлилларга кўра, Қатарда жойлашган марказий қўмондонлик томонидан кўрфаз ичкарисида ҳам қўшимча операциялар ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, масала фақат бўғоз билан чекланмайди.

Эроннинг ғарбий ҳудудларидаги нефт қазиб олиш инфратузилмалари, қирғоқбўйи портлари ва экспорт объектларини ҳам назоратга олиш ва блоклаш эҳтимоли мавжуд. Маълумки, ҳозиргача Ҳўрмуз бўғози Эрон томонидан чеклаб турилган эди. Эндиликда эса АҚШ музокаралар муваффақиятсиз якунланганини важ қилиб, бўғозни икки томонлама блоклашни режалаштираётгани айтилмоқда. Шу мақсадда Ҳинд океани йўналишида, хусусан Жануби-Шарқий Осиё ва Япония ҳудудларидан авиаташувчи кемалар, қўшимча ҳарбий кучлар ва тахминан 2700–3000 нафар денгиз пиёдалари сафарбар этилган. Қўшимча авиация кучлари ҳам жалб қилинган бўлиб, бу ҳаракатлар АҚШнинг бешинчи флотидан ташқари кучларни ҳам ўз ичига олади.

Натижада, Эронга йўл олган ҳар қандай кемани — у Хитой, Ҳиндистон ёки бошқа давлатларга тегишли бўлишидан қатъи назар тўхтатиш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Бироқ бу чекловлар фақат Эрон портларига, жумладан Бандар Аббос, Бушеҳр ва бошқа ички портларга йўналтирилган кемаларга нисбатан қўлланади. Араб давлатларига тегишли ёки уларга йўл олган кемалар бу доирага киритилмайди. Шунингдек, олдиндан Ҳўрмуз орқали ўтиш учун тўлов қилган ёки Эрон билан савдо келишувига эга бўлган айрим давлатлар кемаларига истиснолар берилиши мумкин. Масалан, Малайзия ёки бошқа ҳамкор давлатлар бунга кириши эҳтимолдан холи эмас.

Блокада нафақат кириш, балки чиқиш йўналишларига ҳам татбиқ этилади. Хусусан, Бандар Аббос билан бир қаторда Бушеҳр порти, Харг ороли яқинидаги экспорт терминаллари ҳамда Имом Хаманей номидаги йирик порт ва энергетика-кимёвий комплекслар асосий назорат нуқталарига айланиши мумкин. Мазкур объектлар орқали Хитой ва Ҳиндистонга катта ҳажмда нефт экспорт қилиниб келинаётгани маълум.

Аввал бу объектлар ҳақида очиқ маълумотлар кам эди. Бироқ сўнгги баёнотлардан кейин АҚШлик таҳлилчилар ҳам айнан ушбу портлар ва инфратузилмалар блокада доирасига тушиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Умуман олганда, режалаштирилаётган чоралар Форс кўрфазига кириш ва чиқиш йўлларини, асосий стратегик координаталарни ҳамда кўрфазнинг шимолий-ғарбий ҳудудларини тўлиқ назорат остига олишни назарда тутади.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид