Жаҳон | 21:59 / 15.04.2026
1690
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳўрмуз бўғози қамалини давом эттирса, Эрон учта денгизни ёпиш билан таҳдид қилди

Эрон ҳукумати, агар АҚШ Эрон портларининг денгиз блокадасини тўхтатмаса, Қизил денгиз, Форс кўрфази ва Уммон кўрфазидаги савдо йўлларини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилди.

Теҳрондаги майдонга ўрнатилган Ҳормуз бўғози тасвири Фото: EPA/Shutterstock

Эрон армияси марказий штаби бошлиғи генерал Али Абдуллоҳийнинг айтишича, агар АҚШ блокадани давом эттириб, «Эрон савдо кемалари ва нефть танкерлари хавфсизлигига таҳдид солса», бу «ўт очишни тўхтатиш режимини бузишнинг бошланиши бўлади». Бу ҳақда BBC хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолда Эрон Қуролли кучлари «Форс кўрфази, Уммон кўрфази ва Қизил денгизда ҳеч қандай экспорт ёки импортга йўл қўймайди».

Абдуллоҳий томонидан кўрсатилган денгиз ҳудудлари минтақадаги сув йўлларининг катта қисмини қамраб олади, бироқ Эрон генерали унинг таҳдиди айнан қайси мамлакатларга таъсир қилиши мумкинлигини аниқлаштирмади.

АҚШ 13 апрелдан бошлаб Эрон кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланишини тўсиб қўйишни бошлади. Вашингтон бундай қарорни ўтган дам олиш кунлари Покистонда бўлиб ўтган АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар тинчлик келишувига олиб келмаганидан кейин қабул қилди.

15 апрель куни АҚШ Қуролли кучлари вакиллари дастлабки 36 соат ичида «ҳеч бир кема блокадани ёриб ўта олмаганини» ва олтита савдо кемаси ортга қайтишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Шу билан бирга, BBC Verify маълумотларини текшириш бўлими маълумотларига кўра, қамал бошланганидан бери Ҳўрмуз бўғозидан 15 та кема ўтган - улардан тўққизтаси Эрон билан боғлиқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид