Ўзбекистон | 17:53 / 24.05.2021
10648
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни қабул қилди

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотларга давлат тилидан бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинди.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати юритувидаги Telegram каналида маълум қилинди.

«Қонун лойиҳаси шу йилнинг 27 апрель куни парламент қуйи палатасида депутатлар томонидан моддама-модда кўриб чиқилганди. Унда қонун лойиҳасининг 12-моддасидан ташқари барча моддалар маъқулланган. Ўтган вақт мобайнида лойиҳанинг 12-моддаси қўмита ишчи гуруҳи, тегишли мутасадди ташкилотлар, шунингдек, олимлар томонидан қайта кўриб чиқилиб, барча билдирилган эътирозлар бартараф этилди ҳамда берилган таклифлар инобатга олинди.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига ҳам тегишли ўзгартиш киритилмоқда. Мазкур модда орқали давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораси кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди», – дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, маъқулланган қонуннинг 12 моддасида «Жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга давлат тилида мурожаат қилинади. Зарур ҳолларда бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам таъминланади», – дея белгиланмоқда.

Мавзуга оид