Суҳбат давомида адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Карвонли “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг жамиятда қанчалик ишлаётгани борасида ўз фикрларини билдиришди.
Зуҳридддин Исомиддинов:
— Бунга қадар бир қанча давлатларнинг тил қонунлари билан танишиб чиқдим ва шуни тушундимки, ўзим кўрган қонунларда «қонун тили» бор, яъни қатъий. Бизнинг қонунда эса шу қатъийлик йўқ.
Дейлик, Қозоғистондаги бирорта дорихонага кириб дори олсангиз, ичидаги йўриқномасида, албатта, маълумотлар қозоқ тилида ҳам бўлади. 1989 йилда тил борасида биздан орқада бўлган давлатлар бугун биздан анча ўтиб кетган.
Янги ва яхши қонун ишлаб чиқилса, бирор кун ишлаб қолса, яхши бўлиб қолар. Биринчидан, қонун қонунга ўхшаши керак, ҳар бир модда бўйича жавобгарлик бўлиши лозим. Давлатнинг фуқаролари олдидаги обрўси қонунларга амал қилинишини таъминлаш билан белгиланади. Олий Мажлис қонунни чиқардими, ижро ҳокимиятининг вазифаси шуни бажариш бўлади.
Куни кеча нотариусга бордим, буни қарангки, барча ҳужжатлар русча. Ваҳоланки, 20-25 олдин ўзбекча эди. Касалхоналарда ҳам шундай. Биз ортга — рус тилига қараб кетяпмиз. Шунчаси етмагандай МДҲ давлатларида рус тилига эътиборни кучайтириш ҳақида ҳужжатлар имзоланди. Алишер Усмонов деган ўзбек бойи Ўзбекистонда рус тилини ривожлантириш учун 5 млн доллар ажратди. Бундай бойларимиз ўнлаб бор. Ўзбек тилига куйинадиган одам борми? Балки биз зиёлилар уларни жалб қилолмаётгандирмиз. Моддий асос бўлмаса, барибир фойдаси бўлмайди.
Қозоқбой Йўлдошев:
— Яқинда Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлдим. Уларда ташқи кўринишда тўлиқ давлат тилини кўрдим. Айниқса Олмота ва Остонада ёзувлар деярли тўлиқ қозоқчага ўтган. Ҳатто расман ўтилмаган бўлса ҳам, лотин ёзувига ўтиш бошланган, қонун чиқмасидан аввал. Тил бўйича қонун энг биринчи бизда қабул қилинган эди, лекин бугунги кунда давлат тили борасида энг ортдамиз. Борган сари тилимиз миллат руҳиятига бегоналашиб боряпти. Ҳозирги болалар «мост», «оптом» каби сўзларни ўзбекча деб лисонига қабул қилган. Нима қиляпсан, бу нима аҳвол, деб сўроқлаб турадиган тузилма йўқ — эга йўқ.
Суҳбатимиз бошида қонун яхши бўлса ҳам, бажарилмаса бекор, дегандик. Тўғри фикр шу. Қонунни бир институт бажармайди, бутун халқ зиммасидаги вазифа. Лекин ҳамонки ўзимиз англаб бажармаяпмиз экан, уни бажартирадиган механизм керак. Бизда фақат лавозимлар пайдо бўляпти: тил бўйича ҳокимнинг, директорнинг, фалоннинг ёрдамчиси. Уларнинг фойдасидан кўра, бюджетга зарари кўпроқдир балки. Қандай қилиб ўринбосар ўз бошлиғига тил бўйича йўл-йўриқ кўрсатади? Ўша бошлиқнинг ўзи миллий ғурур, тилдан тилнинг фарқини билса, шунда бўлади. Иншоот қуриб туриб уни «Флоренция», «Версал», «Magic city» дея номлашга ишқибоз бўлса; дўконлардаги маҳсулот номларини ўрисча ёзса... ўрисчани қандай ёзяпсан? «Огурец» демай, «бодринг» дейиш шунчалик муаммоми, масалан? Шунчаки бажаргиси келмайди. Қонунни тан олмайди.











