Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади.

Қизил рангдаги ушбу ёзувни бир муддат олдин Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига кирганингизда кўрган бўлсангиз керак. Ушбу қизил рангли ёзувдан ташқари, агар сиз Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)дан фойдаланган бўлсангиз, шубҳасиз, бинафшаранг ёки яшил рангли ёзувларга ҳам дуч келгансиз. Бу ёзувлар ҳақида кейинроқ тўхталамиз.

Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳаларнинг ўчирилишига оид тартиб 2020 йил 20 апрелдан қатъий амал қила бошлади. Ушбу янгилик норматив-ҳуқуқий ҳужжат (НҲҲ)ларнинг ўзбек тилида қабул қилинишига улкан замин ҳозирлаши турган гап. Чунки, ҳар қандай НҲҲ қабул қилинишидан олдин лойиҳа кўринишида бўлади. Аввал эса идораларда бу каби талаб қўйилмагани учун қонундан ташқари барча даражадаги қонуности ҳужжатларининг фақат рус тилида қабул қилиниши ҳолатлари тез-тез учраб турарди. Норма ижодкорлиги жараёнида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик эса бир чеккада унсиз кўз ёши тўкарди.

Қайси қонунчилик дейсизми?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон қилиниши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентида Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари лойиҳалари Ҳукуматга давлат тилида, зарурат бўлганда — рус тили ва бошқа тилларга таржима қилиниб киритилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги 984-сон қарори билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисида низом тасдиқланган. Ушбу Низомда Департаментнинг функцияларидан бири сифатида НҲҲлар лойиҳалари давлат тилида тайёрланиши ва киритилишининг мониторингини олиб бориш, бу соҳада қонун талаблари бузилиши ҳақида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тегишли кўрсатмалар юбориш белгиланган.