Ўзбекистон | 19:46 / 08.02.2020
24753
3 дақиқада ўқилади

«Қозоғистонда давлат тилини билмаган одам ишга кирмайди, бизда эса ўзбек тили кўп ҳолларда ишлатилмайди» — Алишер Қодиров

Қонунчилик палатаси депутати «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган ҳолатларга амал қилмаслик бўйича жазо чораси белгиланмаганини айтди.

Бугун, 8 февраль куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи, уни ривожлантириш борасидаги муаммолар, шунингдек, тил таълими ва тилшунослик илмидаги камчиликлар муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси депутати Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун номлаш, атамалар, рекламалар, пешлавҳаларни тартибга солишини айтиб ўтар экан, унинг 20-моддасида кўрсатилган ҳолатларга амал қилмаслик бўйича жазо чораси белгиланмаганини ҳам қўшимча қилди. 

Хусусан, ушбу моддада шундай дейилади: «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин».

Аммо Миллий тикланиш партияси вакили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасида «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори икки бараварида жаримага тортилиши белгиланганини қўшимча қилди.

Алишер Қодиров давлат идораларидаги мавжуд вазиятни қўшни Қозоғистон Республикаси билан таққослар экан, давлат тилини билмаган одам ишга киролмаслигини, Ўзбекистонда эса давлат хизматида ўзбек тили кўп ҳолларда ишлатилмаётганини таъкидлади. 

У шунингдек, шундай қўшимча қилди: «Давлат тилига бўлган ҳурмат бошқа тилларга нисбатан беҳурматлик эмас, буни сиёсийлаштирмаслик керак».

Адлия вазирлиги қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Алишер Каримов қонунчиликда давлат тилининг ҳозирги ўрни ҳақида маълумот берди. 

«Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тегишли қабул қилувчи органларга етказиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйдик. 2019 йилда давлат тилида тайёрланаётган лойиҳалар 80 фоизга кўтарилган, жорий йилда тўлиқ давлат тилида тайёрлаш ва бошқа тиллардагиларни ўтказмаслик режа қилинган. 

«Давлат тили тўғрисида»ги Қонун эътиборидан ўзбек тилидаги ҳужжат устувор юридик кучга эга бўлиши керак, лекин амалда ундай эмас», деди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи. 

Мавзуга оид