Жамият | 18:13 / 26.06.2020
29215
4 дақиқада ўқилади

«Лойиҳа парламентга кириши кутилмоқда» – Абдуғаффор Қирғизбоев шов-шувли қонун лойиҳаси, мантиқсиз реклама ёзувлари ва жарималар ҳақида 

26 июнь куни Тошкент давлат педагогика университетида ўзбек тилининг изоҳли луғати янги нашри тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Фото: parliament.gov

Луғат 80 мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланадиган сўзлар, тарихий атамаларни ўз ичига олган.

Тақдимот якунида Kun.uz мухбири Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Абдуғаффор Қирғизбоев билан қисқа интервью уюштирди.

— Шу пайтга қадар нашр қилинган луғатларимиз юридик кучга эга ҳисобланмасди ва бу айрим ҳолатларда муаммоларни ҳам юзага келтирган. Айтинг-чи, янги нашр қилинган луғат ана шундай кучга эга ҳисобланадими?

— Ҳа, бу луғат юридик жиҳатдан кучга эга бўлади. Фанлар академияси Ўзбек тили ва адабиёти фольклори институти бор. Мана шу институт раҳбари иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. 

Бу луғат аввал ҳам чиққан, биз эса уни қайта тўлдирдик. Яъни, аввалгисига яна 3 мингга яқин сўз қўшилди. 

— Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Бу лойиҳа ҳозир қайси босқичда эканлигини айта оласизми? Қачон уни қонун шаклида кучга кирганини кўришимиз мумкин?

— Лойиҳа яқин кунларда парламентга кириши керак. Яқин ойлар ичида натижасини билишимиз мумкин.

— Жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқида, турли лавҳа ва рекламаларнинг кўпинча бошқа тилларда ёки мантиқсиз, тушунарсиз мазмунда ва шаклда акс эттирилишини кузатамиз. Афсуски, бу каби қоида бузиш ҳолатлари одатий қабул қилинадиган даражага ҳам келиб қолдик. Департамент бу борада фақат фикр билдириш ва танқидлардан ортиб амалий ишларни ҳам бошладими?

— Сиз айтаётган камчиликларни тўғрилаш учун ҳозирга қадар 2та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 9та қарори қабул қилинган. Бу қонун ва қарорларни ҳаётга татбиқ қилиш осон иш эмас. Биз шу босқичдамиз. 

Биргина мисол: биз бутун республика миқёсида ташқи реклама ёзувларидаги хатоликлар бўйича ўрганиш ўтказдик. Унда шу нарса аниқ бўлдики, ташқи рекламалардаги энг кўп қонун бузилиши ҳолатлари Тошкент шаҳрида кузатилмоқда.

Биз эндиликда ҳар бир ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари билан босқичма-босқич шу хатоларни ҳал қилиш устида ишламоқчимиз. Тўғри, улар жуда кўп, лекин биз ҳаракат қиламиз.

— Шу пайтга қадар давлат тили қоидаларини бузгани учун жаримага тортилганлар ҳам бўлдими?

— Йўқ, мен ҳозир мана шунча жарима солинди, деб айтолмайман. Лекин бу ишлар энди бошланди. Эътибор бераётган бўлсангиз, бундан 3 ой аввал Тошкент шаҳридаги рекламалар билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатлари ҳозирга келиб анча камайган.

Биз керак жойда тадбиркорни огоҳлантиряпмиз, бу ерда унинг ҳуқуқлари масаласи ҳам турибди. Унинг ўз қарашлари ҳам бор. Дейлик, у қўшма корхона бўлиши мумкин ёки хорижники. Биз барчасини эътиборга олишимиз керак. 

Бизда асосий мақсад жарима солиш эмас, балки одамларнинг тил борасидаги онгини тарбиялаш. 

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид