Ўзбекистон | 10:38 / 31.07.2018
19880
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон PISA ва TALIS халқаро тадқиқотларида иштирок этади, янги миллий марказ ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказиладиган PISA ва TALIS халқаро тадқиқотларида иштирок этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими, Ташқи ишлар, Адлия, Инновацион ривожланиш, Молия ва Иқтисодиёт вазирликларининг Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказиладиган PISA ва TALIS халқаро тадқиқотларида иштирок этиш тўғрисидаги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қошида таълим сифатини баҳолаш бўйича “Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази”ни ташкил этиш бўйича берган таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Миллий марказнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгиланади:

халқаро баҳолаш дастурлари ва танловларини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда Ўзбекистон Республикасининг миллий вакили сифатида иштирок этиш;

ўқувчи-ёшларининг саводхонлигини ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини ривожлантириш борасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

таълим тизимида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий изланишлар олиб бориш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бажариш, халқаро илмий анжуманлар ва симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;

Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларининг таълим сифатини қиёсий баҳолаш;

таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотларни илмий ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

халқаро баҳолаш дастурларини таълим жараёнига жорий этиш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш, ушбу соҳадаги илғор тажрибани оммалаштириш ва унинг асосида таълим муассасалари учун тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўқувчи-ёшларнинг PISA, TIMSS, PIRLS, шунингдек раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганувчи TALIS каби халқаро тадқиқотларида муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш;

ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини холисона баҳолаш ва халқаро миқёсида солиштириш асосида доимий мониторинг олиб бориш;

таълим тизимининг ривожланиш тенденцияларини халқаро миқёсда таққослаш;

ўқитишнинг инновацион усулларидан фойдаланган ҳолда она тили, математика ва табиий йўналишдаги фанлар бўйича педагог-кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий тавсиялар тайёрлаш.

Белгилаб қўйилишича:

Миллий марказ директори мақомига кўра илмий тадқиқот институти директорига тенглаштирилади;

Миллий марказ директори (PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS каби) халқаро тадқиқотларининг миллий лойиҳа менежери ҳисобланади;

Миллий марказ ходимларига республика илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Миллий марказ Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Нурхон кўчаси, 21-уй манзилига жойлаштирилади.

Халқ таълими вазирлигига:

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда ҳар бир туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари малакали мутахассисларидан камида бир нафари ходимни халқаро тадқиқотларни амалга ошириш жараёнига масъул қилиб тайинлаш;

умумий ўрта таълим мактабларини замонавий ахборот коммуникация восита (компьютер, модем, проектор)лари билан жиҳозланганлик ва интернет тармоғига уланганлик ҳолатини инвентаризация қилиш ва мавжуд муаммоларни Молия вазирлиги билан биргаликда бартараф қилиш чораларини кўриш;

Миллий марказ билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорларини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш ва ривожлантириш, ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро баҳолаш дастурлари ва танловларида иштирок этишни таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш;

халқаро тадқиқотлар натижаларига асосланган ҳолда ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда ўқув адабиётлари мазмунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

PISA баҳолаш дастури йўналишидаги саволлар миллий базасини яратиш ва ўқув дастурларига интеграция қилиш;

ўқувчилар саводхонлигини баҳолашнинг миллий тизимини яратиш ва 2019-2021 йилларда амалий кўникмаларини шакллантирилишини баҳолашга қаратилган синовларни тизимли равишда ўтказиб бориш;

PISA баҳолаш дастури йўналишидаги саволларни ўзида мужассам этган ўқув дастурлари асосида қўшимча методик қўлланма ва адабиётлар яратиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари ҳамда ҳар бир туман (шаҳарда) PISA ва TALIS халқаро тадқиқотларини амалга оширишга йўналтирилган таянч тадқиқот мактабларини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро баҳолаш дастурлари ва танловларида муносиб иштирок этишни таъминлаш мақсадида вазирликнинг таркибий (Республика таълим маркази, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис марказлари каби) бўлинмалари имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, заруриятга қараб тегишли бўлимларининг вазифаларини қайта кўриб чиқиш вазифалари юклатилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига

педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида ўқитиш методикаси ва дастурларини PISA халқаро баҳолаш дастури талабларига мослаштириш;

халқаро тадқиқотлар йўналишдаги фанлар бўйича мутахассислар тайёрловчи олий таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказларининг ўқув дастурларига халқаро тадқиқотлар натижаларига асосланган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб бориш;

битирувчи талабаларни умумий ўрта таълим муассасаларига ишга келишда PISA халқаро баҳолаш дастурига тайёр ҳолда келишларини таъминлаш;

илғор хорижий давлатлар тажрибасини жорий этиш бўйича PISA халқаро баҳолаш дастури йўналишидаги фанлар ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш;

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказларининг ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда PISA ва TALIS халқаро дастурлари бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бориш;

умумий ўрта таълим муассасаларидаги иқтидорли педагог кадрларни PISA халқаро баҳолаш дастури бўйича илмий тадқиқотларга жалб қилиш;

PISA халқаро баҳолаш дастури бўйича давлат илмий-техник дастурлари, халқаро илмий ташкилотлар грантлари танловлари, хўжалик шартномалари асосида самарали илмий фаолиятни ташкил этиш вазифалари юклатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид