Ўзбекистон | 12:45 / 30.08.2019
22006
11 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси Ангрен шаҳри бўйича қарор қабул қилади

Фото: toshvil.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон Фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Ангрен шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгиланиши мумкин:

биринчидан, Ангрен шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, булварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш;

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва канализация тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги массивларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

транспорт хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш;

иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарларда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;

учинчидан, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, жиҳозларини янгилаш, мутахассисларни малакасини ва хизмат маданиятини ошириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини кескин ошириб, бу соҳада хусусий сектор улуши кўпайтириш;

замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш ҳамда қизларни ҳаёт мактабига тайёрлашга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш;

тўртинчидан, аҳолининг маънавияти ва маданиятини ўстириш билан алоқадор тизимли тадбирларни амалга ошириш, хусусан қаровсиз қолган ва зарур даражада фойдаланилмай турган маданият ва санъат саройларини янгидан таъмирлаб, соҳа учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш;

бешинчидан, ўсиб келаётган ёшларни спортга кенг жалб этиш учун давлат умумтаълим мактабларида самарасиз фойдаланилаётган спорт майдонларида, спорт залларида давлат шерикчилик ва бошқа асосларда ташаббускорлар, Ёшлар иттифоқи, Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларни, шунингдек ўрта ёшдаги аҳолини спортга жалб этиш;

олтинчидан, шаҳарлар ичидан оқиб ўтувчи сув бўйи ҳудудларини ободонлаштириш, аҳоли кўнгил очар масканларини, сайилгоҳларни барпо этиш;

кўп қаватли уйлар орасида сунъий қопламали футбол, баскетбол майдонлари ва майдончалари, болалар майдончалари барпо этиш ҳамда дам олиш, ҳордиқ чиқариш ўриндиқларини ўрнатиш;

еттинчидан, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий парклар барпо этилиб, уларда замонавий кўнгил очар хизмат кўрсатиш турлари ташкил этиш;

саккизинчидан, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ҳамда ишсизлик даражасини сўнгги 3 йилда 5 фоиз даражагача пасайтириш мақсадида, тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоғини жадал ривожлантириш;

саноат тармоқларини ривожлантириш учун тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини кескин ошириш, маҳаллий хом-ашёдан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали шаҳар иқтисодиётига валюта тушумини кўпайтириш борасида самарали ишларни ташкил этиш;

мавжуд кичик саноат зоналари иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаб, янги ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш йўли билан саноат зоналарини ташкил этиш;

тўққизинчидан, солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали маҳаллий бюджетга даромадлар тушумини кескин ошириш.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши мумкин:

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг молиялаштириш манбалари;

саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс ривожлантириш, саноат маҳсулотлари, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари, хусусан аёллар учун иш ўринларини яратиш, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлардан, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тадбирлари;

муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантиришга ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар;

мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини моддий-техник таъминотини юқори даражага кўтариш, ушбу соҳаларда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда қамрови даражасини кескин ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга асос яратувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маърифат бўйича комплекс тадбирлар;

ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар;

кўп қаватли ўй-жойларни бошқариш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини тубдан оширишга қаратилган тадбирлар.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги:

Дастурга киритилган лойиҳалар ижросини таъминлашда лойиҳа ташаббускорларига ер танлаш ва ажратишни белгиланган тартибда, бош режага асосан амалга оширади;

“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан биргаликда 2020-2022 йилларда Ангрен шаҳрида 25 та арзон 5-7 қаватли кўп квартирали уйларни қурилишини таъминлаш чораларини кўради.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ташаббускорларни жалб этган ҳолда “Кимёгар” маҳалласида қурилиши тугалланмаган техник жиҳатдан яроқсиз ҳолдаги 3 та кўп қаватли ётоқхона биносини белгиланган тартибда бузиб, бўшаган ҳудудда 2020 йилда замонавий турар жой комплексларини қуриш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлигининг илғор ривожланган давлатлар тажрибалари асосида хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда Ангрен шаҳридаги А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи (36 га) негизида замонавий истироҳат боғи ҳамда “Охунбобоев” номли истироҳат боғи (48 га) негизида замонавий экопарк барпо этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ангрен шаҳар ҳокимлиги А.Навоий ва Охунбобоев номли истироҳат боғлари ҳудудидан жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган ер майдонларининг қонунийлигини прокуратура органларини жалб этган ҳолда чуқур ўрганиб чиқади ҳамда истироҳат боғлари ер майдонларидан фақатгина замонавий истироҳат боғи ҳамда экопарк ташкил этиш мақсадларида фойдаланиш юзасидан жорий йил якунига қадар барча зарурий чораларни кўради.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ангрен шаҳри “Тараққиёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кимёгар” шаҳар марказий стадионини вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 2019 йилда таъмирлаш ишларини бошлаб, 2020 йилда ишга туширилишини таъминлайди.

Қурилиш вазирлиги (Зокиров), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ҳайдаров), Тошкент вилояти ҳокимлиги (Холматов) “Кимёгар” маҳалласидаги 3 та кўп қаватли ётоқхона биносининг техник ҳолатини ўрганиб чиқади.

Ўрганиш натижалари асосида мазкур ётоқхона объектидан турар жой сифатида фойдаланиш мумкинлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулоса берилишини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Ангрен шаҳри, Оҳангарон кўчаси, 64-уй манзилда жойлашган бўш турган собиқ руҳий асаб касалликлари шифохонаси биносини хорижий инвестор (“Hitit Social Tesisler Soglik Insaat Tigaret”) ўз маблағлари ҳисобига “Нефрология ва кўп тармоқли клиника” тиббий марказини икки ой муддатда ташкил қилиш учун “ноль” харид қийматида бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Ангрен шаҳар ҳокимлигининг “Истиқбол” маҳалласи ҳудудида янгидан ташкил этилган “Онажонларимиз, аёлларимиз, қизларимизнинг маънавият ва маърифат маскани” лойиҳаси маъқулланиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хотин қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Молия вазирлиги:

масканни тажриба тариқасида ишга тушириш учун унинг фаолиятини мазмунан янада бойитиш ишларида амалий ёрдам кўрсатади;

масканни зарурий мутахассис кадрлар билан таъминлаш мақсадида тажриба тариқасида ўз тизим идораларининг Ангрен шаҳридаги муассасалари штат жадвалларига тегишли ўзгартиришларни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги Ангрен шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш, айниқса кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллалардаги майдонларда манзарали-ҳавони тозаловчи, кислород берувчи дарахтларни ўтқазиш, майсазорлар ва гулзорларни ташкил этиб, аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқиб тасдиқланган схема асосида шаҳарни суғориш тизимини барпо этиш учун 2020-2022 йилларда инвестиция дастури доирасида зарур маблағларни ажратилишини таъминлайди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ангрен шаҳри суғориш тизимини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Инвестиция дастурига киритган ҳолда молиялаштириш ҳамда ижрога қаратилишини таъминлайди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ангрен шаҳар иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳасининг техник иқтисодий асослашини экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ангрен шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишда халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин ҳамда ишларни 2020 йилдан бошланишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид