Ўзбекистон | 14:28 / 22.05.2018
9588
4 дақиқада ўқилади

2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда билдирилишича, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК билан биргаликда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш асосида замонавий ва ретро фильмлар учун икки залли кинотеатрларнинг ҳамда ёзги кинотеатрларнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш бошланган.

“Ўзбеккино” МА, “Ўзмиллийбанк”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 июнгача бўлган муддатда кинотеатрлар қурилиши бўйича ишларни амалга ошириш учун ташаббускорларни - тадбиркорлик субъектларини белгилайди.

Қарор билан 2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш дастури тасдиқланди. Дастурга мувофиқ юртимизда 2018-2019 йилларда жами 49 та, хусусан 25 та 1 қаватли, 12 та 2 қаватли, 12 та ёзги кинотеатрлар қурилади.

Белгилаб қўйилишича, замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш Ўзбекистон Республикаси президентининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3176-сон қарори билан белгиланган маблағлар ҳисобига тегишли ташаббускорлар - тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.

Бунда, кинотеатрларни қуриш ташаббускорлар - тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ва “Ўзмиллийбанк”нинг лойиҳа қийматининг 75 фоизидан ортиқ бўлмаган суммада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида фоиз ставкаси билан асосий қарзни қайтариш учун 1 йилдан ортиқ бўлмаган имтиёзли даврни ўз ичига оладиган беш йилгача муддатга ажратиладиган имтиёзли кредитлари ҳисобига амалга оширилади.

Белгиланишича, қурилаётган кинотеатрлар ўзаро фойдали битимлар асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий намойиш қилиш мақсадида кинотеатрларга хорижий ва маҳаллий кино маҳсулотларини марказлаштирилган рақамли онлайн етказиб беришни таъминлайдиган ягона республика кинопрокат электрон тармоғига киради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

замонавий кинотеатрлар, шу жумладан, устун даражада маданият ва истироҳат боғлари ҳудудида ёзги кинотеатрлар барпо этиш (қуриш) бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган ер участкалари берилишини, шунингдек, уларнинг ҳудуди тайёрланишини ҳамда бинолар ва иншоотлар бузилиши муносабати билан етказилган зарарлар юридик ва жисмоний шахсларга қайтарилишини таъминлайдилар;

ташаббускорлар - тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда туташиб кетган ҳудуд ободонлаштирилиши ва кўкаламзорлаштирилиши, электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва канализация тармоқларига улаш чораларини таъминлайдилар.

“Ўзбеккино” МА 2018 йил 1 июнгача хорижий тажрибани ҳамда етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини ўрганиш асосида кинотеатрларни жиҳозлаш учун зарур бўлган кино намойиш қиладиган асбоб- ускуналарнинг намунавий параметрларини белгилайди ва ташаббускорларга - тадбиркорлик субъектларига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги кинотеатрларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ҳамда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминлайди.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган кинотеатрлар объектларининг буюртмачилари - қурилиш ташаббускорлари қурилиш даврида мақбул лойиҳа ечимлари қабул қилиниши юзасидан қўйиладиган талабларга риоя этилиши, лойиҳа қиймати шакллантирилиши, уларда зарур инфратузилма объектлари (автотранспортни вақтинча сақлаш жойлари, ҳудудларни ободонлаштириш), шунингдек, хавфсизлик талаблари (кузатиш камералари ва ёнгин хавфсизлиги тизими) жойлаштирилиши тизимли назорат қилинишини белгилайдилар.

Мавзуга оид