Ўзбекистон | 13:48 / 16.11.2025
3364
4 дақиқада ўқилади

«Узоқни кўра оладиган сиёсатчи» – Алиев Мирзиёевнинг ўзаро муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақида

У Марказий Осиё ва Озарбойжон аллақачон ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақа эканини таъкидлаган.

Фото: Озарбойжон давлат ахборот агентлиги

Озарбойжон халқи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни амалга ошираётган ишлари, кўрсатаётган яхши муносабати учун қаттиқ ҳурмат қилади. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувидаги нутқида айтиб ўтди.

«Аввало, Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун чуқур миннатдорлик билдираман. Анъанавий меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдираман.

Ўзбекистон биродарим Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги остида тараққиёт ва бунёдкорлик йўлидан дадил бормоқда. Улкан халқаро нуфуз, самарали иқтисодий ислоҳотлар, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кенг кўламли лойиҳалар Ўзбекистонни минтақада етакчи ўринга олиб чиқди. Ўзбекистон – президентнинг ҳар кунлик ғамхўрлиги туфайли жаҳоннинг етакчи спорт давлатлари қаторида бормоқда. Сўнгги ёзги Олимпия ўйинлари буни яққол кўрсатди.

Шавкат Миромонович нафақат донишманд давлат арбоби, балки Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатларини ривожлантириш ишига катта ҳисса қўшган инсон ҳамдир. Озарбойжонда уни аниқ ишлари, халқимизга бўлган яхши муносабати учун севишади ва ҳурмат қилишади. Узоқни кўра оладиган сиёсатчи сифатида Шавкат Миромонович Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон ўртасида янада яқин ҳамкорлик зарурлигини яққол кўради. Яна бир бор, ҳурматли Шавкат Миромонович, барчаси учун сизга катта раҳмат.

Кеча Ислом цивилизацияси марказида бўлдик. Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ташкил этилган марказ Ўзбекистон президентининг Ўзбекистоннинг бой маданий меросига содиқлигининг яна бир далилидир. Айрим мамлакатларда динимизга қарши хуружлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда Ислом цивилизацияси маркази очилиши Исломнинг бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини бутун дунёга намоён этмоқда.

Ислом дунёсининг атоқли намояндалари жаҳон илм-фани, маданиятига улкан ҳисса қўшган ва Ислом цивилизацияси маркази буни яққол кўрсатиб турибди. Ишончим комилки, Тошкент шаҳридаги муҳташам ва бетакрор Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом оламининг фахр-ифтихорига айланади», – деган Озарбойжон президенти.

У Марказий Осиё ва Озарбойжон аллақачон ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақа эканини таъкидлаган.

«Гарчи Озарбойжон Жанубий Кавказда жойлашган бўлса-да, бугунги кунда фаол ҳамкорлик туфайли Марказий Осиё ва Озарбойжон дунёда аҳамияти тобора ортиб бораётган ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақага айланди», – деди у.

У Озарбойжон ва Марказий Осиё давлатлари турли халқаро ташкилотлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилаётгани, бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани, глобал ва минтақавий характердаги масалаларни ҳал қилиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқаётганини таъкидлаган.

Алиевнинг қўшимча қилишича, Озарбойжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар ўзига хос хусусиятга эга.

«Бизни кўп асрлик муштарак тарих, маънавий ва маданий мерос, қардошлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик бирлаштириб туради. Биз нафақат бу алоқаларни сақлаб қолишга эришдик, балки уларга стратегик шериклик хусусиятига эга янги суръат бағишладик», – дейди Озарбойжон президенти.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид