Ўзбекистон | 19:05
1511
3 дақиқада ўқилади

Жаҳондаги тизимнинг катта давлатларга сўзи ўтмайди - Элдор Арипов 

12-14 март кунлари Озарбойжонда XIII Глобал Боку форуми “Бўлинган дунёда кўприклар қуриш” шиори остида ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон вакили Элдор Арипов фикрича, жаҳондаги тизим катта давлатлар қарорларини тўхтатиб қололмаяпти. 

Ўзбекистондан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институри директори Элдор Арипов бу халқаро форумда қатнашар экан, “Хитой ва глобал бошқарув ташаббуси” сессиясида ҳам нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, мавжуд халқаро механизмлар катта давлатлар ўртасида келишилган қарорларни ўзгартиролмайди, яъни ҳозир мавжуд тизим жуда заиф. Халқаро ҳамжамият жаҳон тизимининг келгуси ривожланиш йўлини танлаш борасида жиддий танлов олдида турибди. 

“Ёки кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмларини тиклашга эришилади ёки жаҳон тартиби кучлар мувозанати ва стратегик тийиб туриш мантиғи асосида шаклланади — бу тенденцияларни биз бугун дунёнинг кўплаб минтақалари мисолида аллақачон кузатмоқдамиз”, — дея қўшимча қилди Арипов. 

Шу нуқтаи назардан, конструктив мулоқот ва муроса йўлларини излаш имкониятларини қўлдан бой бермаслик айниқса муҳим.

 

Ўзбекистонлик эксперт фикрича, Пекин томонидан таклиф этилаётган ташаббуслар жаҳон тизимининг келажаги ҳақидаги халқаро мунозарани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.

Хитой жаҳон тартибига шунчаки муқобил қарашни эмас, балки бошқарувнинг ўзга фалсафасини таклиф этиб, универсал тамойиллар ҳақида сўз юритмоқда, дейди форумда қатнашган ўзбекистонлик эксперт.

Маълумки, Хитой бугун Марказий Осиёнинг асосий савдо шеригига айланиб бўлган. Форумдаги сессияларда бу ҳам муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлди. 

Хитойнинг Марказий Осиёдаги ўсиб бораётган роли глобал бошқарув тизимининг янада плюралистик ва ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган кенгроқ трансформациясини акс эттиради, дейди Ўзбекистондаги давлат ақл маркази - СМТИ раҳбари. 

Бироқ, Марказий Осиё бугун Хитойдан ташқари, Россия, АҚШ, Европа иттифоқи, Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари ва халқаро институтлар билан ҳам фаол ҳамкорга айланган. Бу рақобат эмас, бир-бирини тўлдириш, суверенитетни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи муҳим шартлардир, дейди эксперт. 

Эслатиб ўтамиз, Озарбойжондаги форумда 400 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар қатнашди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид