Жаҳон | 22:30 / 12.03.2026
1518
7 дақиқада ўқилади

“Исроил бошқалар қўли билан урушни кенгайтирмоқчи” – сиёсатшунослар

Эрон президенти Туркия ва Озарбойжон раҳбарлари билан телефонда гаплашгач, кескинлик бироз юмшагандек бўлди. Сўнгги кунларда дронлар, ракеталар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан боғлиқ воқеалар турли гап-сўзларга сабаб бўляпти. Сиёсатшунослар Ҳикматилла Казакбаев ва Камолиддин Раббимов бу воқеаларга шарҳ берди.

Уларнинг сўзларига кўра, Озарбойжонда Эрон дрони, Туркия ҳудудида эса икки марта Эрон ракетаси қулагани сабабларига аниқ баҳо бериш қийин, лекин ҳодисалар Эрон эмас, Исроил манфаатларига хизмат қилади.

Хикматилла Казакбаев:

Аслида 28 февралдан бери юз бераётган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Исроил узоқ давом этадиган уруш олиб бора олмаслигини яхши тушунади. Шу сабабли у минтақадаги бошқа давлатларни ҳам имкон қадар можарога тортишга уринмоқда.

Бу воқеаларда Исроилнинг роли бўлиши мумкинлиги ҳақида Туркия президенти ҳам ўз баёнотида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Исроил минтақада катта ўйин бошлаган ва бошқа давлатларни, жумладан, Туркияни ҳам бу урушга тортишга уринмоқда. Эрдўған ўз чиқишида: “Биродар биродарга қарши урушмайди, биз сионистик режимнинг тузоқларига тушмаймиз”, – деб таъкидлади.

Аввалига Исроил Эрон билан Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни кескинлаштиришга ҳаракат қилгандек кўринади. Кейинчалик эса Туркия билан боғлиқ воқеалар юзага келди. Шахсан мен Эрон Туркия ҳудудига атайлаб ракета учирганига ишонмайман.

Бу ерда Кипр омили ҳам муҳим бўлиши мумкин. Кипр ҳудудида Буюк Британиянинг ҳарбий базалари мавжуд ва улардан АҚШ ҳам фойдаланади. Масалан, Gerald Ford авиаташувчиси ҳозир Кипр атрофида жойлашгани айтилмоқда. Эронга қарши айрим ҳарбий ҳаракатлар айнан шу ҳудуддан амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, Эрон томонидан учирилган ракеталар Кипрга етиб бориш учун Туркия ҳудуди орқали ўтиши керак эди. Эҳтимол, бу ракеталар НАТО тизимлари томонидан уриб туширилган ва уларнинг парчалари Туркия ҳудудига қулаган бўлиши мумкин.

Бу вазиятда Исроил учун асосий мақсад – минтақа давлатларини можарога тортиш бўлиши мумкин. Чунки Исроил Эрон билан узоқ муддатли уруш олиб бориш қийинлигини яхши тушунади. Шу сабабли у бошқа давлатларни ҳам жараёнга жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

Бундай уринишлар курдлар орқали ҳам кузатилган. Масалан, Ироқ Курдистонидаги курд кучларини Эронга қарши йўналтиришга ҳаракат қилингани ҳақида гаплар бўлди. Бироқ бу ерда ҳам муҳим омил мавжуд: курд гуруҳлари олдинги тажрибадан сабоқ олган.

Умуман олганда, Исроил Саудия Арабистони, Туркия, Покистон ёки Озарбойжон каби давлатларни можарога жалб қилиш орқали уруш кўламини кенгайтиришга уринаётгандек кўринади. Чунки у Эрон билан узоқ муддатли уруш олиб бориш қийинлигини яхши билади.

Яна бир муҳим жиҳат – ракета уриб туширилгандан кейин ҳам унинг учиш йўналишини радар тизимлари орқали аниқлаш мумкин. Шунинг учун Туркия бу масалада кескин ва ҳиссиётга берилган баёнотлар бермади. Эҳтимол, Туркия ҳукумати ракетанинг асл йўналиши Туркия эмас, балки бошқа ҳудуд, масалан, Кипр бўлганини билади.

Шу сабабли ҳам расмий Анқара вазиятни кескинлаштирмасликка ҳаракат қилмоқда. Чунки Эрон ҳам Туркия билан тўғридан тўғри қарама-қаршиликка боришни истамайди.

Камолиддин Раббимов:

Ҳеч қандай мантиққа кўра, ҳозирги шароитда Эрон учун Туркия билан тўқнашувга киришиш ёки Озарбойжон билан можаро бошлаш фойдали эмас. Бу унинг манфаатларига мутлақо тўғри келмайди.

Туркиянинг геосиёсий тафаккури жуда чуқур. Анқара яхши биладики, агар минтақада Эрон заифлашса ёки йиқилса, АҚШ ва Исроилнинг асосий босими кейинги навбатда Туркияга қаратилади. Чунки Туркия ўз сиёсий мустақиллигидан воз кечадиган давлат эмас ва минтақадаги энг қудратли ўйинчилардан бири ҳисобланади.

Туркия президенти Эрдўғаннинг риторикаси анча кескин. У Исроилни очиқчасига “террорчи давлат” деб атаб келмоқда. Бугунги Туркия дипломатиясининг катта қисми ҳам айнан Исроил сиёсатига қарши йўналтирилганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, Эронда ҳам муаммолар йўқ эмас. Ҳозир мамлакат ичида ҳокимиятнинг янги мувозанати шаклланаётган давр кетмоқда. Янги олий раҳбар сифатида Мужтаба Хоминаий номи тилга олинмоқда, бироқ у ҳали тўлиқ сиёсий авторитетни мустаҳкамлаб улгурмаган. Бундай жараёнлар вақт талаб қилади.

Айниқса ҳозирги инқирозли шароитда сиёсий раҳбарлар ёпиқ ёки хавфсиз жойларда фаолият юритаётган пайтда ҳокимият вакуумини тезда тўлдириш осон эмас. Бунга ўхшаш вазиятларни тарихда, жумладан, Афғонистон тажрибасида ҳам кўриш мумкин.

Бугунги Эронда маълум маънода иккита куч маркази мавжуд. Биринчиси – президент Масъуд Пизишкиён бошчилигидаги ҳукумат. Иккинчиси эса Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси. Бу тузилма анча жанговар руҳга эга бўлиб, айрим масалаларда ҳукуматдан фарқли қарашларга эга бўлиши табиий.

Эрон ҳудудидан учирилган айрим ракеталар Туркия ёки Озарбойжон ҳаво ҳудудига ўтган бўлиши мумкин. Бироқ агар Эроннинг ҳақиқий мақсади айнан шу давлатлар бўлганида, зарбалар сони бир ёки икки дона билан чекланмаган бўларди. Бу ҳолда анча кенг кўламли ва кўп сонли зарбалар берилиши эҳтимоли юқори эди. Масалан, ҳозир араб давлатларидаги айрим ҳудудларда АҚШ ҳарбий базаларига қарши мунтазам зарбалар кузатилмоқда.

Шу нуқтайи назардан қараганда, Эрон учун Туркия ёки Озарбойжон билан уруш бошлашдан ҳеч қандай стратегик фойда йўқ. Бундай қарор фақатгина янги фронт очилишига олиб келади холос.

Албатта, айрим радикал қарашдаги ҳарбийлар орасида бошқача фикрлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, “агар биз йиқилсак, бутун минтақани ҳам уруш гирдобига тортамиз” деган кескин позиция мавжуд бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бу умумий давлат стратегияси дегани эмас.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид