Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин-қутқарув бўлинмалари ташкил этилади
Фото: Pixabay
Вазирлар Маҳкамасининг “Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ёнғин-қутқарув бўлинмалари туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги мустаҳкамлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш, авария-қутқарув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган бўлинмаларни ўз ичига олади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, шунингдек, аҳолиси 50 минг ва ундан зиёд бўлган шаҳарлар ҳамда туманларнинг марказларида ташкил этилади.
Ташкил этилаётган ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмларининг ташкилий тузилмаси ва штат бирликлари, уларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари аҳоли сони 50 мингдан кам бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилади.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари ва уларнинг штатлари сони муҳофаза қилинаётган ҳудуднинг (объектнинг) хусусиятидан келиб чиқиб, ёнғин-қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сонини ва турини ҳисобга олган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий ҳужжатлари асосида белгиланади.
Қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг рўйхати ва ходимлари (хизматчилари) сони Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳар йили бир марта 1 июлгача белгиланади.
Ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар ва шаҳарлар рўйхати, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари сони ва уларнинг штатдаги ходимлари сони амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан аниқланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори билан тасдиқланади.
Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий ҳужжатларига мувофиқ манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармалари (марказлари) вакилларидан иборат таркибдаги идоралараро комиссияларининг далолатномалари, шунингдек, ушбу объектлар ёки уларнинг юқори турувчи ташкилотлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармалари (марказлари) ўртасида тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади.