Ўзбекистон | 17:20 / 05.04.2026
17348
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Бешқўрғон» бозорида ёнғин чиқди (видео)

Чилонзор туманидаги «Бешқўрғон» бозорида ёнғин содир бўлди. Ёнғин соат 16:53 да қуршаб олинди. Воқеа жойига фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икромов ҳам етиб борган.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 5 апрел куни Тошкент шаҳридаги «Бешқўрғон» бозорида кучли ёнғин чиқди.

Ижтимоий тармоқларда бозор ҳудудида қуюқ қора тутун устуни осмонга кўтарилгани акс этган беҳисоб видеолар тарқалган. Кадрларда одамлар бозор ичкарисидан ўз товар ва машиналарини олиб чиқишга шошилганини кўриш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, бугун соат 15:56 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Тошкент катта ҳалқа автомобил йўли кўчасида жойлашган «Бешқўрғон» бозорида дўкон ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган ва ёнғинни ўчиришга киришган.

Ёнғин оқибатида тан-жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. Вазият Тошкент шаҳар ФВББ томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Ёнғин жойига Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икромов етиб борган.

Ёнғин соат 16:53 да қуршаб олинган. Ёнғинни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Тўлдириш: Ёнғин соат 18:18 да ўчирилди. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид