Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тошкент–Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги поездлар учун янги линия қурилади
Туристлар оқими ортиши ва йўловчи ташиш қувватини кенгайтириш заруратидан келиб чиқиб, 2026 йилдан ички темирйўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Шу доирада “Тошкент–Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги поездлар учун янги темирйўл линиясини қуриш ишлари бошланиши маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев хизматлар соҳаси ва туризмни ривожлантириш режалари доирасида транспорт-логистика инфратузилмасини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Қайд этилишича, туристлар оқими тобора ортиб бораётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини камида икки баробар оширишни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши айтилди. Унга мувофиқ, шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш мақсадида 2026 йилдан яна 500 километр темирйўл қурилиши бошланади.
Келгуси йилнинг ўзида 110 километр темир йўл тармоғи барпо этилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланиши режалаштирилган.
Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темирйўл линиясини қуриш ишлари бошланиши маълум қилинди. Бу йўналишда янги линия барпо этилиши қатнов тезлиги ва сифатини ошириш, сафар вақтини қисқартириш ҳамда йўловчилар оқими ортиши шароитида тизим қувватини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Маълум қилинишича, йирик транспорт инфратузилмаси бўйича режалар доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Навоийдаги вокзаллар ҳам хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш учун таклиф этилади.
Мавзуга оид
23:34 / 25.12.2025
Тошкент шаҳри учун дизайн-код ишлаб чиқилди
16:25 / 25.12.2025
“Ўзавтойўл” биноси 242 млрд сўмга сотилди
11:56 / 25.12.2025
Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси учун ташкил этилган Telegram-бот фош этилди
11:07 / 25.12.2025