Жамият | 10:59 / 24.10.2025
22099
2 дақиқада ўқилади

Қора Gentraʼдаги безорилар жиноий жазога тортилди

Наркотик модда таъсирида ЙПХ ходимидан қочиб, кўплаб машиналарни уриб кетган йигит ва қизга ҳукм ўқилди. Машинани ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган қиз бошқарган.

Фото: Видеодан кадр

ЙПХ ходимидан қочиб, бир нечта машинани уриб кетган йигит ва қиз жиноий жазога тортилди. Жиноий иш ЖИБ Чилонзор туман судида судя Аббосжон Абдуғаффоров раислигида кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар қилинди.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, ҳолат содир этилганида Gentraʼдаги йигит ва қиз наркотик модда таъсирида бўлган. Аммо судланувчилар буни тан олмаган. Машинани ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган қиз бошқарган. Автомобил йигитнинг дадаси номида бўлган.

Машинани давлат рақам белгисини ечиб олган ҳолда бошқаришган. ЙПХ ходими уларга тўхташ ишорасини берган. Бироқ йигит ва қиз тўхтамасдан, қочишда давом этган. Йўл-йўлакай 5 та машинани уриб кетган.

Ҳаракатланиб кетаётган пайтимиз бизни “ГАИ” ходими тўхтатди. Биз тўхтамадик. Машинанинг давлат рақам белгиси йўқ эди. Кейин қувлади, қочдим, авария бўлиб тўхтадик. Ҳеч ким бунақа ишлар қилишини хоҳламайман”, деган қиз.

Шикаст етган автомобиллар эгаларига етказилган зарар қоплаб берилган.

Суднинг ҳукми билан йигит ва қиз Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Йигитга ЖИБ Чилонзор туман судининг 2025 йил 1 майдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қиз эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган.

Қора Gentraʼдаги ушбу безорилик 2025 йил 19 апрел тонгида содир бўлганди. Гувоҳларнинг Kun.uz мухбирига айтишича, камида 2 та Damas, битта Matiz ва Li9 автомобилларига турли даражада зарар етказилган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид