Ўзбекистон | 19:09 / 28.08.2021
29117
2 дақиқада ўқилади

Йиллаб кўришмаган қариндошлар ва қўшни давлатга виза. Водийликлар – чегаралар очилгани ҳақида

2017 йилгача Ўзбекистондан қўшни давлатларга чиқиш ва аксинча, қўшни республикалар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши анча мураккаб эди. Биз суҳбатлашган инсонлар ўша даврда чегаралардан қандай ўтгани ҳақида сўзлаб берди.

Наманганлик Шерали Умарнинг икки синглиси Тожикистоннинг Сўғд вилоятида истиқомат қилади. Суҳбатдошимизнинг айтишича, чегаралар очилгунгача бўлган даврда қариндош-уруғларни кўриш, тўй-маъракаларга боришда кўп муаммоларга дуч келган. Виза олиш жараёни эса узоқ муддат кутиш, махсус ташкилотлардан суҳбатдан ўтиш ва бюрократик муаммолардан иборат бўларди.

Орадаги масофа 200 км бўлса-да, ўша масофадаги яқинларимизни кўриш мақсадида бир гал виза олиш учун салкам 40 кун кутганмиз, дейди у.

Фарғоналик Қаюмжон Сулаймонов ҳам ўша пайтларда яқинларидан телеграмма келган бўлса-да Қирғизистонга ўтиш осон бўлмагани айтади. Кўплар чегаранинг нариги тарафидаги қариндошини сўнгги йўлга кузата олмаган.

Азизхўжа Аббосов ҳам фарғоналик. Унинг яқинлари анклав ҳудуд бўлган Сўх вилоятида истиқомат қилади. Чегарадаги муаммолар бу суҳбатдошимиз яқинларини ҳам четлаб ўтмаган.

2017 йилга келиб вазият ўзгарди. Чегаралар бирин-кетин очила бошлади. Қўшни давлатлар билан алоқалар дўстона йўлга қўйилди. Чегара постларидан ўтиш осонлаштирилди. Қўшни давлатлар ҳудудида бўлиш ва уларнинг фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида бўлиб туриши муддатлари узайтирилди.

Шерали Умаровнинг айтишича, ҳозир сингилларини кўриш учун эрта тонгда йўлга чиқса, 1,5–2 соатда манзилга етиб боради. Чегара ўтказиш пунктларидан ўтиш ҳам кўп вақт олмайди. Вазият тамоман ўзгарган, дейди у.

Суҳбатдошларимизнинг фикрлари билан юқоридаги видеода танишинг.

Тоҳиржон Турсунов

Мавзуга оид