Ўзбекистон | 09:04 / 16.03.2022
53797
3 дақиқада ўқилади

Ходимни пенсия ёшига етгани сабабли ишдан бўшатиш тақиқланмоқда

Фото: mahalladosh.uz

Президент “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ходимнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартибини тақиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ходимнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги унга юклатилган асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, маҳаллаларда нуроний ва кексалар билан ишларни такомиллаштириш йўналишида қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

  • маҳаллаларда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
  • вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлардаги “Фахрийлар кенгашлари”, фуқаролар йиғинларидаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш;
  • “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизимини ташкил қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;
  • кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Нуронийлар маскани” мажмуаларида ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш;
  • фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Мавзуга оид