Ўзбекистон | 20:50 / 24.04.2020
29488
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон туризм соҳаси пандемия оқибатида қандай муаммоларга дуч келди?

Kun.uz пандемия ва инқироз мавзуси билан боғлиқ масалаларга оид суҳбатларни давом эттиради. Бу гал туризм соҳасига бевосита алоқадор бўлган хусусий сектор вакиллари – Жонибек Насриддинов, Мансуржон Расулжонов ва Ҳусан Саибжонов билан пандемия даврида юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича ўз мулоҳазасини билдирди.

– Пандемия ва инқироз даврида ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам ижтимоий муносабатларнинг бузилиши жиҳатидан катта зарбалар туризм соҳасига келиб тушди. Ҳозирги пайтда соҳа қандай чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда?

Жонибек Насриддинов, All Trip компанияси иш юритувчиси:

– Дунё туризмида одамлар саёҳат қилмаяпти. Ҳозирга келиб, тахминан 3 млрд нафар одам изоляцияда ўтирибди. Дунё туризмида 75 млн.га яқин иш ўрни йўқотилган.

Ўзбекистоннинг ўзида ҳам тахминан 45-50 мингга яқин бронлар бекор бўлгани ҳақида маълумот бор. Бу жуда ҳам ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Турфирмалар энди қандай қилиб ўзини қоплаши керак, деган саволга жавоб зарур. Пандемиядан кейин ҳозирги ҳолатдан қандай чиқамиз, деган савол қийнаяпти.

2008 йилда бўлган инқироздан кейин туризм жадал ривожланиб кетган эди. Лекин 2008 йилдаги вазият билан ҳозирги ҳолатнинг фарқи бор. Чунки у пайтда ҳамма гап молиявий муаммоларда эди, ҳозир эса одамларнинг саломатлиги ҳақида гап бормоқда. Ҳар бир авиакомпания, турим сектори ҳам мижозларнинг соғлиги билан боғлиқ масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак. Давлатлараро туризмни ривожлантириш учун энди қандай талаблар қўйилиши бизни ўйлантиради.

Жонибек Насриддинов

– Туризм соҳасида ишни бирданига музлатиб қўйиш катта молиявий, иқтисодий тебранишларга олиб келади. Бу жараёнлар сизнинг фаолиятингизга қандай таъсир қилди?

Мансуржон Расулжонов, Vast Travel компанияси директори:

– Гап шундаки, иш шунчаки тўхтамади, балки катта зарарлар билан тўхтади. Чунки аввалроқ турпакетлар, чипталар сотиб қўйилган, хизмат кўрсатаман, деб даромадлар олинган. Сотилган чипталар 1-2 ой кейинга олинган. Ўртада валюта курси ўзгарди, чипталарни қайтариш масаласи бор. Келажакда бу зарарларни қоплаш учун қандай ҳаракат қилиш ҳар бир тадбиркорнинг ўз масъулияти, молиявий аҳволини қандай баҳолагани, жамғармаси қанчага етишига боғлиқ. Агар жамғармаси йўқ бўлса ёки жамғармасини тўғри йўналтира олмаса, кичикроқ тадбиркорлик субъектлари, мисол учун, турагентлар соҳадан чиқиб кетишига тўғри келади.

Мансуржон Расулжонов

– Иқтисодчилар одамлар карантин шароитида яшашни 3 ойга мўлжаллаши керак, деб айтишяпти. Карантин қачон тугаши аниқ эмас. У тугагандан кейин ҳам барибир қайсидир чекловлар амал қилади. Меҳмонхона хўжалигида муаммонинг кўлами қанчалик? Ёки улар вазиятдан тезгина чиқиб кета оладими?

Ҳусан Саибжонов, Art Hotels меҳмонхоналар тармоғи маркетинг бўлими бошлиғи:

– Меҳмонхоналарнинг олинган зарар масаласида туроператорлардан фарқи шундаки, биз олдиндан пул олиб қўймаганмиз. Пул қайтариб беришимизга тўғри келмайди. 1-2 кун олдин олинадиган пулни бемалол қайтариб бера оламиз. Менимча, ҳозирги вазиятда меҳмонхоналар учун унча қийин бўлмади. Биз шунчаки ишни тўхтатиб қўйдик. Баланс нолга тушиб қолди. Кейинчалик келадиган пулдан зарарга ишлашимиз мумкин. Ҳозир ким зарар кўрган бўлиши мумкин? Ижарада турадиган меҳмонхоналар. Хусусий меҳмонхоналар эса зарар кўрмаган. Шунчаки эшигини ёпиб қўйган, холос. Ишчилар ҳам бир ой кутиб туринглар, деб меҳнат таътилига чиқарилди. Карантин тугай бошлаганда ишчиларни яна чақириб, фаолиятни тиклай бошлаймиз. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам биз учун ички бозор бор. Тошкентдаги банклар ходимларини меҳмонхонага жойлаштириб, ишга битта-битта келиб кетишини йўлга қўйяпти. Бу ҳам биз учун фойда.

Ҳусан Саибжонов

– Инқироз даврида даромадлар тўхтаб қолган тақдирда ҳам даврий харажатларни сақлаб туриш керак. Солиқ, ижара, коммунал тўлов – шулар масаласида туризм соҳаси ўзини эплай оладими? Ёки давлат томонидан уларга имтиёзлар кўпайтирилиши керакми?

Мансуржон Расулжонов:

– Ҳар бир тадбиркор бизнесининг келажак олти ойлик фаолиятини қоплаб ҳаракат қилиши тўғри бўлади. Турфирмаларда шу бўйича вазият қандай? Уларда икки хил тоифа бор: туроператор ва турагентлар. Туроператорлар қарийб бир йиллик даврий харажатларнинг ҳисоб-китобини қилган ҳолда ишни режалаштиради. Ўзбекистонда турагентлар жуда ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар одатда ойлик, энг узоғи билан уч ойлик харажатини қоплаши мумкин. Ундан узоғига турагент сифатида давом эта олмайди. Чунки улар туроператорлар тайёрлаб берадиган пакетларнинг тайёри устига даромад қўйиб сотади. Уч ой учун ижарасини тўлаб қўйган бўлиши мумкин. ходимлари жуда кўп бўлмаслиги мумкин. Шуларнинг харажатини чиқариб бера олади. Лекин маҳсулот (турпакет) айланмаси тўхтаган жойда улар қотиб қолади.

Туроператорларда муаммо бошқачароқ бўлади. Улар чизиб қўйган йиллик схемасида даромад манбаларини кутади. Даромаднинг келадиган ва сарфланадиган манбалари бўйича режа бузилгандан кейин ўзига яраша вазият ҳам ўзгаради.

Жонибек Насриддинов:

– Жорий вазият кўпроқ ким учун оғир дейдиган бўлсак, меҳмонхонани кредитга олиб қурганлар, давлатдан, банкдан олинган пулга қараб қолганлар бор. Буни қоплаш масаласи қийинлашиши мумкин. Ўзимиздан келиб чиқадиган бўлсам, сутка давомида ишлайдиган колл-марказимиз бор. Шунга илгари бир кунда 500та қўнғироқ бўлган бўлса, ҳозир 50тага тушиб қолган. Қилинган қўнғироқларнинг тахминан 30 фоизи савдога ўтиши мумкин бўларди. 30 фоизи ўтганда мен ишчиларимнинг ойлигини таъминлаб бера олган бўлардим. Ҳозир қўнғироқлар сони 10 баравар камайди. Бизга меҳмонхона учун чиқарилган 12 фоизлик солиқ ставкасининг бир фоизга туширилиши жуда қўл келди. Буни узоқроқ муддатга чўзиб бериш керак. Авиачипталар соҳасига ҳам буни қўллаш керак, деб ўйлайман.

Қуйидагича йўл тутиш ҳам мумкин: ташқи туризмдан зарар кўрганимиз учун ҳозир ички туризмга кўпроқ куч ташлашимизга тўғри келади. Вазиятдан зарарсиз чиқиш учун баҳор ойларигача вақт кетади, деган тахминлар бор. Шунинг учун корхоналардаги касаба уюшмалари ҳар бир ходимига жума кунидан бошлаб таътил бериши, 3 кун мобайнида Ўзбекистоннинг ичида дам олиш учун имконият яратиши керак. Ота-онасини дам олишга юборадиган бўлса, харажатининг бир қисмини корхона кўтариб берсин ва бу сумма солиқдан озод қилинсин. Шулар ҳам ички туризмни ривожлантиришга ёрдам беради.

Интервью давомида туризм соҳаси вакиллари кутилаётган иқтисодий инқироз шароитида оқибатларни юмшатиш бўйича таклифларини билдириб, соҳа вакилларига маслаҳат берган. Суҳбатнинг тўлиғини Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид