Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Кейингиси ким?» – Эронда ҳукуматга алоқадор кишилар хавотирга тушиб қолган
The Wall Street Journal журналистлари «Моссад» агентлари Эрон ҳукумати вакиллари ва хавфсизлик кучлари қўмондонларига қўнғироқ қилиб, қандай қўрқитаётгани ҳақида ҳикоя қилди.
Фото: Akasbashi / Sipa / Scanpix / LETA
Эронга қарши урушда Исроил ва АҚШ вазифаларни тақсимлаб олган: америкалик ҳарбийлар бор эътиборини ҳарбий ва саноат объектларига, исроилликлар эса – режимнинг ички тузилмаларига қаратган, дея ёзади журналистлари нишонларнинг тўлиқ рўйхати ва етказилган зарарни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар билан танишиб чиққан The Wall Street Journal газетаси.
Исроил Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийнинг қароргоҳи бўйлаб зарба йўллаш орқали урушга кирганди. Оятуллоҳ илк кундаёқ ўлдирилди. Кейинги куни Исроил авиацияси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлинмалари, «Басиж» кўнгиллилари ва махсус полиция кучларига алоқадор штаблар ва қўмондонлик марказларига тизимли равишда зарбалар беришни бошлади.
Pleiades Neo / Airbus / Reuters / Scanpix / LETA
WSJ ихтиёрига келиб тушган ҳужжатлардан маълум бўлишича, зарбалар турли объектлар бўйлаб берилган. Аммо кейин Исроил разведкаси Эронда хавфсизлик кучлари учун захира режаси мавжудлигини аниқлаган: унга кўра, инфратузилмалар яксон этилган тақдирда ходимлар спорт иншоотларига йиғилиши кўзда тутилган. Исроил бу объектлар тўлишини кузатиб туради ва кейин улар бўйлаб зарбалар ёғдиради. Хавфсизлик кучлари ва армиянинг юзлаб ходимлари ўлдирилган, ўлим ҳолатларининг аксар қисми Теҳрондаги йирик футбол ўйингоҳи – «Озодий» стадионига тўғри келади.
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Исроилнинг яна бир муҳим нишони Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний бўлди – у Эрон ядровий дастури меъморларидан бири ва Али Хоминаийнинг яқин кишиси ҳисобланарди. 17 март тонгида Исроил махсус хизматлари Ларижоний бошқа мулозимлар билан бирга Теҳрон чеккасидаги махфий бошпанага келгани ҳақида хабар олади ва у ерга ракета учириб, нишон йўқ қилади.
Худди шу вақтда Исроил «Басиж» (Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибидаги бўлинма) қўмондони Ғуломризо Сулаймоний ўз ўринбосарлари билан биргаликда Теҳрондаги ўрмонзорга тикилган чодирда яширингани ҳақида маълумот олади. У ҳам ўлдирилган.
The New York Times газетаси ёзишича, Ларижонийнинг ўлдирилиши эронликларда мамлакат тақдири ва можаронинг кейинги ривожи борасида хавотирларни кучайтирган. Айниқса ҳукуматга алоқадор шахслар ташвишга тушиб қолишган. Улардан бири журналистларга айтишича, ҳамкасблар ўзаро суҳбатларда Эрон олий раҳбарияти вакиллари ҳаёти ҳамда ўзининг шахсий хавфсизлиги борасида хавотир билдирмоқда. Унинг сўзларига кўра, барча кейингиси ким бўлиши ҳақида савол бермоқда.
Бошқа бир мулозим Ларижонийнинг ўлими ҳақида хабар олганида «титраб кетгани»ни айтиб берган. У ҳаммаёқни хавотир ҳисси чулғаб олганини қўшимча қилади: одамлар Исроил Эроннинг барча раҳбарларини ўлдирмагунича тинчимаслигидан қўрқмоқда.
Исроилнинг баҳоларига кўра, ҳужумлар режимнинг қуйи бўғинлари вакилларининг руҳиятини тушириб юборган ва хавфсизлик кучлари ходимларини ўз автомобилларида, масжидларда ёки спорт иншоотларида тунашга мажбур қилмоқда.
Эрондаги гувоҳларнинг айтиб беришича, кучишлатар тузилмалар вакиллари хавфсиз жойларни қидириб, мактаблар, спорт объектлари ва турар жойларни эгаллаб олган, Теҳрондаги туманлардан бирида эса полициячилар ўз блокпостини зарбадан қочиш учун кўприк остига кўчирган. Хавфсизлик кучлари вакиллари чодирлар ўрнатмоқда ёки автобусларга жойлашмоқда, улар турар жойларга кириб яширинганида эса аҳоли ҳужум бўлишидан қўрқиб, бинони тарк этмоқда.
WSJ қайд этишича, Исроил ва АҚШ аввалбошдан уруш Эронда режимни ағдариш учун шароит яратиши кераклиги ҳақидаги фикрга таянган. Юқори мартабали мулозимлар ўлдирилиши ушбу кампаниядаги муҳим босқичлар сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, WSJ манбаларига кўра, Исроил разведкаси ходимлари Эрондаги айрим қўмондонларга қўнғироқ қилиб, агар улар эҳтимолий норозилик намойишларига тўсқинлик қилмаслиги учун уларни қўрқитишни бошлаган. Журналистлар Эрон полицияси вакили ва «Моссад» (Исроил разведкаси) агенти ўртасидаги ана шундай суҳбатлардан бирининг мазмуни билан танишиб чиққан. Бу суҳбатдан қуйидагича иқтибос келтирилган:
– Сиз мени эшитяпсизми? – дейди «Моссад» агенти форс тилида. – Биз сиз ҳақингизда барчасини биламиз. Сиз бизнинг қора рўйхатимиздасиз ва бизда сиз ҳақингиздаги барча маълумотлар бор.
– Окей, – дея жавоб қайтаради командир.
– Мен сизни олдиндан огоҳлантириб қўйиш учун қўнғироқ қиляпман: сиз ўз халқингиз томонда туришингиз лозим. Агар сиз бундай йўл тутмасангиз, сизни ҳам етакчингизники каби тақдир кутади. Эшитдингизми?
– Оға, Қуръон билан онт ичаман, мен сизга душман эмасман. Мен тамом бўлдим. Шунчаки, илтимос, бизга ёрдам беринг.
Эронликлар мамлакатда хаос етилиб келаётганини айтишади. Хавфсизлик кучлари имконият чегарасида ишламоқда. Аммо ҳарбий тажриба шуни кўрсатадики, ҳукуматни фақат ҳаво зарбалари орқали ағдариш ҳаддан ташқари қийин, деярли имконсиз, дея қайд этади WSJ. «Ва агар Эрон режими омон қоладиган бўлса, у бу можародан ўзига ишончи янада баланд ва янада хавфли бўлиб чиқиши мумкин», – дея хулоса қилади журналистлар.
«Улар [эронликлар] тизим қандай парчаланаётганини кўриб туришибди. Аммо вазиятни тубдан ўзгартириш учун кўпроқ зарбалар керак бўлади», – дейди Вашингтондаги Washington Institute таҳлил марказининг Эрон мавзусига ихтисослашган катта илмий ходими Фарзин Надимий.