Иқтисодиёт | 22:24 / 07.04.2026
1695
2 дақиқада ўқилади

Биржадаги охирги 2 савдо сессиясида дизел нархи 17,5 фоизга қимматлашди

Охирги кунларда биржада дизел баҳоси тоннасига 2 млн 411 минг сўмга ёки 17,5 фоизга қимматлаб, 16 млн 179 млн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 24 фоизга юқори нарх. Импорт ҳажми ҳам март ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошган. 

Фото: Shutterstock

Охирги кунлардаги биржада дизел нархи кескин қимматлашди. Хусусан, 3 апрел куни ўтган савдо сессиясида ёнилғининг тоннаси бирданига 2 млн 89,1 минг сўмга ёки 15,2 фоизга қимматлаб, 15 млн 857,1 минг сўмга етди. 6 апрел кунги савдоларда ҳам дизел нархи яна 2 фоизга ошиб, 16 млн 179,4 млн сўмгача кўтарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 24 фоизга юқори нарх.

Ишлаб чиқариш ва импорт

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–март ойларида Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва Uzbekistan GTL’да жами 249 минг тонна дизел ёнилғиси ишлаб чиқарилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 87,8 минг тоннага ёки 54,5 фоизга кўп.

Ойлар кесимида ишлаб чиқариш ҳажми қуйидагича:

  • январ — 78,3 минг тонна;
  • феврал — 57,4 минг тонна;
  • март — 113,3 минг тонна.

Ўз навбатида, Статистика қўмитаси ва Энергетика вазирлиги тақдим қилган маълумотлар ўртасида яна фарқли кўрсаткичлар пайдо бўлди. Хусусан, Статқўм январ ойида дизел ишлаб чиқариш 81 минг тоннани ташкил этганини қайд этган ҳолда, феврал ойи учун эълон қилган ҳисоботида бу борадаги рақамларни тушириб қолдирди. Қўмита матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу боради тўлиқ миқдор I чорак янунлари бўйича тақдим қилинадиган ҳисоботда акс этади.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, март ойида 35,8 минг тонна, ўтган йилнин мос даврига нисбатан 1,5 карра кўп дизел импорт қилинган.

Дизель ёқилғиси Ўзбекистон сингари қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришга таянадиган иқтисодиётлар учун ўзига хос «қон томир» ҳисобланади. Шу сабабли, унинг қимматлаши иқтисодиётда занжир реакциясини келтириб чиқаради ва бошқа соҳаларга ўз таъсирини ўтказади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид