Ўзбекистон | 13:57 / 25.10.2019
3374
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудида туризм объектлари бўлган моддий маданий мерос объектлари 30 йилгача ижарага берилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда ҳудудида туризм инфратузилма объектлари жойлашган ёки яратиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилгача муддатга ижарага берилади.

Ҳукумат қарори билан Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга янги банд қўшилди.

Эндиликда, ҳудудида туризм инфратузилма объектлари, шу жумладан, жойлаштириш воситалари жойлашган ёки яратиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилгача муддатга, бироқ камида ўн йилга ижарага берилади.

Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳақига тенг бўлган маблағни ҳудудида ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини сақлаш нормаларига риоя қилиш шартларида дастлабки беш йилда ижарага ҳақ тўлашдан озод қилинадилар. Ижара шартномасининг амал қилиш муддатини узайтириш танлов комиссиясининг қарори асосида амалга оширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид