Ўзбекистон | 11:10 / 14.12.2018
8812
5 дақиқада ўқилади

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Россия билан қўшма факультет ташкил этилади

Фото: titli.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тўқимачилик ва матбаа технологиялар” факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти таркибида Россия Федерациясининг А.Н. Косигин номидаги Россия давлат университети, Иваново давлат политехника университети, Кострома давлат университети билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон-Россия қўшма “Тўқимачилик ва матбаа технологиялар” факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

республика иқтисодиётининг реал сектори тармоқлари учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган тўқимачилик, енгил саноат, чарм-мўйна ва матбаа соҳаларига оид муҳандислик технологияси, компьютер илмлари, технологиялар менеджменти, экотехнология, инноватика ва смарттехнологияси бўйича бакалавр ва магистр даражасидаги малакали кадрларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

тўқимачилик, енгил саноат, чарм-мўйна ва матбаа соҳаларига оид муҳандислик технологияси, компьютер илмлари, технологиялар менеджменти, экотехнология, инноватика ва смарттехнологияси ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;

малакали ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

Институт талабалари, магистрантлари, докторантлари ва профессор-ўқитувчилари билан интеграциялашган дастурлар асосида ўзаро алмашувларни йўлга қўйиш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда ҳамкор хориж университетларнинг етакчи олимларини, профессор-ўқитувчиларини факультетнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига мунтазам равишда жалб этиш;

манфаатли йўналишлар бўйича илмий соҳада ҳамкорлик ишларига кўмаклашиш;

магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини юксалтиришни ҳамкор хориж университетлар базасида илмий стажировка ва малака ошириш механизмлари орқали амалга ошириш;

олий таълимнинг ўзаро манфаатдор йўналишлари бўйича академик мобилликни ва параллел таълим олишни йўлга қўйишга кўмаклашиш;

ҳамкорликда илмий-амалий симпозиум, семинар, конференцияларни ташкил этиш, илмий грант лойиҳалари ва таълим дастурларини ташкил этиш;

Институт ва ҳамкор хориж университетларнинг профессор-ўқитувчиларининг илмий раҳбарликларида магистрлик ва докторлик диссертация ишларини тайёрлаш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгилаб қўйилишича:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олинган ҳолда ҳамкор хориж университетларда қабул қилинган таълим стандартлари, интеграллашган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси ҳамкор хориж университетларда белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

факультетда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Институт ва ҳамкор хориж университетлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

факультетда ўқиш учун тўлов-контракт суммаси базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда Институт ва ҳамкор хориж университетлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультетнинг бакалавриат ва магистратура талабалари, мос равишда таълимнинг камида 4 та ёки 2 та семестрини ҳамкор хориж университетларида ўқийди ҳамда мазкур даврда ўқиш билан боғлиқ харажатлар талабалар томонидан ўқитиш жойида тўланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган Институт ва ҳамкор хориж университетлар дипломи берилади;

факультет фаолиятини молиялаштириш талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
факультетда таълим оладиган талабалар томонидан ўқишни мазкур ва республиканинг бошқа олий таълим муассасалари таълим йўналишлари ва мутахассисликларига кўчирилишига ҳамда тикланишига йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид