Ўзбекистон | 19:55 / 17.02.2023
26284
2 дақиқада ўқилади

Таълим муассасалари ва шифохоналарнинг иситиш тизимлари кўмирга ўтказилади

Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида 2229 та боғча, 2432 та халқ таълими ва 746 та тиббиёт муассасаси газдан кўмирга ўтказилади. Бундан ташқари, 1147 та иссиқхона ҳамда цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи 250 та завод ҳам кўмирда ишлашга мослаштирилади.

Фото: Pixabay.com

Бу – 16 феврал куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, йил охиригача 5407 та ижтимоий объект кўмирда иситишга ўтказилади ва бунинг учун 184,4 минг тонна кўмир етказиб бериш кўзда тутилади.

Тошкентда 20 та мактабнинг иситиш тизимини кўмирга ўтказиш режа қилинмоқда. Сергелида 6 та, Янгиҳаётда 5 та, Бектемир туманида 4 та, Яшнободда 3 та ва Мирзо Улуғбекда 2 та мактаб рўйхатга киритилган.

Кўмирга ўтказиладиган 250 та заводнинг 126 таси оҳак, 101 таси ғишт, 23 таси цемент заводларидир. Ушбу корхоналар ва 1147 та иссиқхонани кўмирга ўтказиш орқали 926 млн куб метр газни тежаш назарда тутилган. Уларнинг кўмирга бўлган талаби 1,63 млн тоннани ташкил қилади.

1 майдан бошлаб янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади.

Кўмирга ўтказилаётган корхоналарга асбоб-ускуналар харид қилиш учун кредитлар ажратилади. Масъул ташкилотлар уларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишда “кафолатланган рағбатлантириш чоралари”ни кўриши керак.

“Кўмир таъминот” МЧЖ “Ўзбеккўмир” АЖ тасарруфидан чиқарилиб, кўмир омборлари ва ёрдамчи ускуналари билан бирга Энергетика вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

1 апрелдан импорт қилинадиган кўмирни темирйўл орқали ташишга 50 фоизлик чегирма жорий этилади (масофасидан қатъи назар).

Мавзуга оид