Ўзбекистон | 20:30 / 02.02.2022
22275
9 дақиқада ўқилади

“Снос” муаммоси ниҳоят қонун билан тартибга солинади

Кимдир ер участкасини олиб қўймоқчи бўлса, ўша ерда яшовчилар билан очиқ муҳокама ўтказиши ва бу муҳокамага журналистларни ҳам чақириши шарт деб белгиланиши мумкин.

1 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилинди.

Ташаббускорларнинг маълум қилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш масалаларини бевосита яхлит қонун билан тартибга солишга, низоли вазиятларни олдини олиш ва соҳадаги низоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.

“Снос”лар шу пайтгача Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бузилишларининг рамзига айланиб кетган, низоли ҳолатлар фақатгина ҳукумат қарорлари даражасида тартибга солинган эди.

Қонун лойиҳаси қандай муҳокама қилинди?

Қонунчилик палатаси йиғилишида қонун лойиҳасидаги ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатлар ичида “махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш учун” деган бандига эътироз билдирилди.

Депутат Дониёр Ғаниев Навоий вилоятининг бутун ҳудуди эркин иқтисодий зона эканини инобатга олиб, бу ҳудудда қонун қай тартибда ишлашига эътибор қаратди.

Адлия вазирлиги вакили бу норма қонун кучга кирганидан кейин пайдо бўладиган иқтисодий зоналарга тааллуқли бўлишини айтган бўлса, бошқа депутатлар ер участкалари иқтисодий зоналар учун тўғридан тўғри олиб қўйилмаслигини, бу компенсация тўлашдан тортиб жамоатчилик аралашувига қадар узун жараёнлигини билдирди.

Шунингдек, депутатларнинг таклифи билан қонун лойиҳасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида “олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланиши” деган принцип чиқариб ташланди.

Депутатлар томонидан берилган саволлардан бири – Кадастр агентлиги тизимидаги Кадастр палатасини молиялаштириш масаласи бўлди. Гап шундаки, лойиҳада Кадастр палатаси ходимлари “снос”га тушган ҳудудга чиқиб инвентаризация асосида маълумот тайёрлаши белгиланмоқда. Лекин палата ходимларини жойга чиқиб маълумот тайёрлаши қаердан молиялаштирилиши очиқ қолмоқда. Адлия вазири ўринбосари кадастр палатаси ходимлари бюджетдан молиялаштирилади, деган бўлса, Кадастр агентлиги вакили хўжалик ҳисобидан дея жавоб берди.

Танаффусдан сўнг мажлисга қайтган депутатлар, Кадастр палатаси ходимларининг хизматлари – ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга ташаббускор бўлган ташкилот (маҳаллий ҳокимлик ёки бошқа давлат ташкилоти) томонидан молиялаштирилишини айтди.

Асосий савол-жавоблар қонун лойиҳасининг 13-моддасига қадар бўлди. Қолган 42-моддага қадар бўлган барча моддалар ҳеч қандай эътирозларсиз қабул қилинди.

Шундан сўнг кўпчилик фаол депутатлар, жумладан Расул Кушербаев ва Дониёр Ғаниев бу қонун халқ учун жуда зарурлигини ва тезроқ қабул қилиш кераклигини билдирди. Спикер Нурдинжон Исмоилов эса бундай қонун қабул қилиниши аввал тушга ҳам кирмаганини, бунинг учун президентга миннатдорчилик билдириш кераклигини айтди. Шундан кейин қонун уч ўқишда овозга қўйилди ва 111 нафар депутатларнинг овози билан Қонунчилик палатасида қабул қилинди.

Овоз бериш натижаси / Видеодан лавҳа

Эндиликда мазкур қонун Сенатга юборилади. Олий Мажлис юқори палатаси уни тасдиқлагач, қонун имзолаш учун президентга киритилади. Президент имзолаган қонун расмий ОАВларда эълон қилингач ёки ҳужжатнинг ўзида белгиланган муддатда кучга киради.

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати ушбу қонун ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати қонун билан белгиланаётганини, қонунда ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқиш ҳамда компенсация тўлаш, ҳуқуқ эгасининг объектни бўшатиб беришидан то объектни бузишгача бўлган жараёнларнинг аниқ муддати ва тартиби белгиланаётгани ҳақида ёзиш билан чекланди.

Қонуннинг парламентга киритилган варианти ҳам, депутатлар маъқуллаган варианти ҳам очиқ манбаларда йўқ. Шуниси маълумки, 2021 йил апрел ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қонун лойиҳасидаги кўплаб бандлар ҳақида ялпи мажлисда гапирилмади.

Бунга қонун тўлиқ шаклда фракция ва қўмита йиғилишларида ҳам муҳокама қилингани ёки бошқа бандлар юзасидан халқ вакилларида саволлар туғилмагани сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 2021 йил апрел ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Қонун лойиҳаси юзасидан ташкил қилинган матбуот анжуманида вазирлик бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев лойиҳада жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, “бошқа ҳолатлар” каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилганини маълум қилган эди.

Шунингдек, у “инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш” ер участкасини олиб қўйиш учун асос бўла олмаслиги ва инвестор ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмаслигини айтган.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев

Лойиҳада ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар келтирилган бўлиб, улар:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш (кенг тарқалган фойдали қазилма конлари бундан мустасно);
  • республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобил ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари,  кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва алоқа тизими муҳандислик объектлари ва тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш;
  • давлат инвестицион дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва ижтимоий ҳимоя муассасаларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуришни назарда  тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш.

Лойиҳада бошқа ҳар қандай мақсадларда ер участкалари олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш деб талқин этиш тақиқланиши қайд этилганди.

Шунингдек, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилингунгача ташаббускор камида 6та босқичдаги жараёнлардан ўтишига тўғри келади. Шу жумладан, мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш каби мажбурий шартларни бажариши лозимлиги қайд этилган.

Шунингдек, ҳужжат қуйидаги янги нормалар ва механизмларни ҳам ўз ичига олиши кутилмоқда:

— очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шартлиги;

— ташаббускор томонидан очиқ муҳокама ўтказилиши жараёнининг мажбурий тартибда аудио ва видео қайд қилиниши таъминланиши;

— очиқ муҳокамани ўтказиш жойи кўпчилик ҳуқуқ эгаларининг яшаш жойига яқин бўлиши кераклиги, ҳуқуқ эгалари учдан икки қисми қатнашганда очиқ муҳокама ўтказилган ҳисобланиши;

— компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилиши;

— компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоий нормани ҳисоблаш қоидалари ҳамда компенсация ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторинги Кўчмас мулк объектлари давлат реестри ягона электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши;

— олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан қабул қилиниши;

— Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қабул қиладиган қарорлари адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ижобий ҳуқуқий хулоса берилгандагина қабул қилиниши мумкинлиги;

— ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида унга тегишли бўлган мулкни эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатларга, шу жумладан турар жойни коммуникация воситаларидан узиб қўйиш, кўчмас мулк объектига кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйиш, муносиб ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилувчи шароит яратишга йўл қўйилмаслиги ва бошқалар.

Мавзуга оид