Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркордан қарийб 4 миллиард сўм қарздор - Бизнес-омбудсман
“L.” МЧЖ (номи ўзгартирилган) унинг мулк ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб, бизнес-омбудсманга мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ахборот хизмати.
Аниқланишича, ҳокимнинг қарори билан ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олингани натижасида тадбиркорга тегишли 87 кв. метрлик савдо дўкони бузилган.
“Ушбу мулк мустақил баҳоловчи корхона томонидан қарийб 4 миллиард сўмга баҳоланган. Шу билан бирга, тадбиркор томонидан компенсацияни тўлаб бериш тўғрисидаги мурожаат Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилганига қарамай, компенсация тўланмаган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво ариза натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига МЧЖга қарийб 4 миллиард сўм компенсация тўлаб бериш вазифаси юклатилди.
Аввалроқ, Тошкентда тадбиркорга жарима солган солиқчининг ўзи жарима тўлаши тўғрисида хабар қилинганди.