Спорт | 13:13 / 26.11.2025
9846
17 дақиқада ўқилади

«Сити» ютқазди, «Челси» «Барса»ни аямади. ЕЧЛда кун ўйинлари

Ҳусановнинг қайтиши омадсиз бўлди, «Челси» 3 та голи ҳисобланмаганига қарамай, йирик ғалабага эришди, 36 ёшли Обамеянг рекорд ўрнатди. Сешанба оқшомида ЕЧЛнинг 5-тури доирасида бўлиб ўтган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

«Челси»нинг 3 голи ҳисобланмади, лекин 3 таси ҳисобланди

«Челси» – «Барселона» 3:0
Голлар:
Кунде, 27 – автогол (1:0). Эстевао, 55 (2:0). Делап, 73 (3:0)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто (Сантос, 46), Жеймс (Ачимпонг, 82), Кайседо, Фернандес, Гарначо (Делап, 59), Эстевао (Жорж, 82), Педру Нету (Гиттенс, 76)
«Барселона»: Х. Гарсия, Араухо, Кубарси, Бальде (Мартин, 80), Кунде, Э. Гарсия, Фермин Лопес (Кристенсен, 62), де Йонг, Торрес (Рэшфорд, 46), Ямал (Олмо, 80), Левандовски (Рафиня, 62)
Огоҳлантиришлар: Гюсто, 40 – Араухо, 32
Четлатиш: Араухо, 44 (иккинчи сариқ)

«Челси» «Барселона»га қарши – анча жарангдор афиша. Аммо Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичи 5-тури доирасидаги ушбу тўқнашувда ўйин фақат бир дарвоза томон бўлди. Ўйин йирик ҳисобда якунланишига Роналд Араухонинг қизил карточкаси ҳам таъсир қилди, аммо шусиз ҳам лондонликлар рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаётганди.

Лондонликлар илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олишди, аммо дастлаб икки гол инобатга олинмади. Энцо Фернандеснинг биринчи голи урилган Уэсли Фофана қўли билан ўйнагани туфайли бекор қилинди.

Энцонинг стандарт вазиятдан кейин урилган иккинчи голи инобатга олинмаслигига эса бошқа бир жамоадоши Чалоба офсайд ҳолатида қолган ва вазиятга таъсир кўрсатган деб топилиши сабаб бўлди.

«Челси» фақат учинчи уринишда гол инобатга олинишига эришди – Марк Кукуреля қанотдан тўп оширди, Нетуга халал беришга уринган Жюл Кунде эса ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.

Эътиборли томони, бу вазият ҳам VAR орқали текширилди, аммо Кукуреля офсайдда эмаслиги қайд этилди.

Меҳмонлар жамоасининг ҳимоячисининг товони ортда қолиб кетганди.

Бўлим охирида эса Роналд Араухо жамоадошларини қийин аҳволда қолдирди: у 13 дақиқа ичида бир-биридан аҳмоқона фоллар ишлатиб, иккита сариқ карточка олди. Бу унинг сўнгги 2,5 йилликдаги тўртинчи қизилига айланди.

Танаффусдан кейин эса каталонлар сочилиб кетди. Аввалига 51-дақиқада меҳмонларнинг яна бир голи инобатга олинмади, бу сафар Андрей Сантос дарвозани ишғол этди, аммо Алехандро Гарначо офсайд ҳолатида ҳаракат қилгани маълум бўлди.

Лекин кўп ўтмай Эстевао Пау Кубарсидан осонлик билан қочиб кетиб, тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига киритди. Кейин Педру Нету ҳам Кубарсидан қочиб кетиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Гарсияни алдай олмади.

73-дақиқада эса Лиам Делап Фернандеснинг узатмасидан кейин ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Аввалига ҳакам бу голни ҳам бекор қилганди, аммо видеотакрордан кейин инглиз ҳужумчиси онсайд ҳолатида экани тасдиқланди. «Барса» шу куни барча жабҳаларда рақибдан кучсизроқ эди.

Бу ғалабадан кейин «Челси» очколари сонини 10 тага етказиб олди ва плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма учун имкониятини яхшилади. «Барса» етти очко билан топ-8 дан ташқарида қолди. Кейинги турда каталонияликлар уйда «Айнтрахт» билан ўйнайди, «Челси» Италияда «Аталанта» меҳмони бўлади.

Ҳусановда омадсиз қайтиш

«Манчестер Сити» – «Байер» 0:2

Голлар: Грималдо, 23 (0:1). Шик, 54 (0:2)
«Манчестер Сити»: Траффорд, Стоунс, Аке, Аит Нури (О`Райли, 46), Ҳусанов (Ҳоланд, 65), Гонсалес, Люис (Доку, 46), Рейндерс, Савио, Бобб (Фоден, 46), Мармуш (Шерки, 65)
«Байер»: Флеккен, Баде, Белосян, Куанса, Гарсия, Маза, Грималдо, Поку, Тиллман, Кофане (Телла, 82), Шик
Огоҳлантиришлар: Грималдо, 60. Кофане, 78

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ЕЧЛдаги 100-ўйинида кўпчиликни ажаблантириб, Ҳоланд бошчилигидаги қатор етакчиларни захирада қолдирди. Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановга ҳам имкон берилди ва у анчадан буён бошланғич таркибдан ўрин олди.

Ўз навбатида, «Байер» ҳам «шаҳарликлар»га сюрприз тайёрлаганди. Меҳмонлар биринчи бўлим ўрталарида тезкор қарши ҳужум уюштиришди ва Кофана Грималдони дарвоза қаршисига чиқарди. Леверкузенликларнинг тўпурар ҳимоячиси қайтариб бўлмас зарба йўллади, бу улар учун Англиядаги ўйинларда тўққиз йилдан буён ҳисобда олдинга чиқиб олиши бўлди. Рейндерс эса қулай позициядан гол уролмади ва меҳмонлар танаффусга ғолиб ҳолда йўл олишди.

Пеп танаффусдаёқ уч алмаштириш қилиб, асосий таркиб футболчилари О`Райли, Доку ва Фоденни майдонга ташлади. Аммо бу ёрдам бермади ва «Сити» яна гол ўтказиб юборди. Бу сафар Мазининг узатмасидан кейин Шик Акедан илдамроқ ҳаракат қилди. Шундан кейин Пеп таваккалчиликка қўл уриб, ҳимоячи Ҳусанов ўрнига Ҳоландни ҳам жангга ташлади, аммо ўйинни қутқариб қолишнинг имкони бўлмади. Мураббийнинг юбилейи бузилди: «шаҳарликлар» 2018 йил сентябридан буён илк бор ЕЧЛ гуруҳ ўйинлари доирасидаги уй учрашувида ютқазишди. Шунга қарамай, жамоа ҳамон кучли саккизликда қолмоқда, «Байер» эса ўтиш ўйинларига йўлланма учун курашни давом эттиради (8 очко).

Кейинги турда «Сити» «Реал» меҳмони бўлади, «Байер» «Нюкасл»ни қабул қилади.

Норвегиядаги драма

«Буде-Глимт» – «Ювентус» 2:3

Голлар: Бломберг, 27 (1:0). Опенда, 48 (1:1). Маккенни, 59 (1:2). Фет, 87 – пеналти (2:2). Дэвид, 90+1 (2:3)
«Буде-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Алеесами (Моэ, 61), Беркан, Севолд, Берг, Фет, Эвен (Хауге, 77), Бломберг (Йергенсен, 77), Мяяття (Эукленн, 61), Хег (Хелмерсен, 87)
«Ювентус»: Перин, Келли, Копмейнерс, Калюлю, Локателли, Аджич (Кенан Йилдиз, 46), Камбясо (Кабал, 75), Маккенни, Консейсау (Жегрова, 83), Миретти (Тюрам, 68), Опенда (Давид, 75)
Огоҳлантиришлар: Келли, 39. Миретти, 50. Кабал, 84. Маккенни, 90

«Ювентус» дуранглар сериясига якун ясади, аммо мухлисларини валидол ютишга мажбур қилди. Ушбу ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этилишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди – ҳар икки жамоа қаторасига уч ўйинда дуранг қайд этганди. «Ювентус» биринчи бўлиб гол ўтказиб юборди, иккинчи бўлимда эса камбэк амалга оширди. Аммо 87-дақиқада пеналтидан гол ўтказди. Барчаси прогнозлар тўғри чиқишига қараб кетаётганди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Йилдиз жарима зарбасини аъло даражада ижро этди ва тўп йўл-йўлакай Дэвид орқали дарвозага бориб тушди. Спаллетти енгил тин олиши мумкин.

Мактоминай яна ҳал қилди

«Наполи» – «Қорабоғ» 2:0

Голлар: Мактоминай, 65 (1:0). Янкович, 72 – автогол (2:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳойлунд, 56’
«Наполи»: Милинкович-Савич, Ррахмани, Буонджорно (Жуан Жезус, 90), Бекема (Политано, 64), Мактоминай, Лоботка, Оливера, Ди Лоренцо, Нерес (Вергара, 90), Ланг (Элмас, 75), Ҳойлунд (Лукка, 75)
«Қорабоғ»: Кохалски, Мустафозода, Медина (Ммаэ, 60), Жафаргулиев (Болт, 75), Силва (Байрамов, 75), Янкович, Педру Бикалю, Зубир, Аддай, Леандру Андраде (Кашчук, 60), Дуран (Охунзода, 75)
Огоҳлантиришлар: Ланг, 50. Ррахмани, 77 – Медина, 43. Янкович, 55

Неаполда «Қорабоғ» дарвозабони Кохалски феноменал ўйин намойиш этди. У биринчи бўлимда турнинг энг яхши голи урилишига йўл қўймади. Давид Нерес қайчи услубида зарба йўллаганида у бармоқлари учи билан тўпга етиб борди, ҳолбуки бразилиялик футболчи бу вазиятда дарвозанинг олис бурчагини нишонга олганди. Кейин эса Ди Лоренцо яккама-якка вазиятда уни доғда қолдира олмади.

Иккинчи бўлимда эса «Наполи» сардори рақиб жарима майдонида йиқилиб, пеналти ишлади. Аммо бу ҳам Кохалски дарвозасига гол уриш учун етарли бўлмади, Ҳойлунднинг 11 метрдан йўллаган зарбасини ҳам бартараф этди. Шу куни полшалик дарвозабонга гол уриб бўлмайдигандек кўрина бошлади, у ўз ҳимоячисининг автоголидан ҳам қутқариб қолди, аммо унинг бу сафарги сейвидан кейин тўп Мактоминайга бориб тушди. Шотландиялик яримҳимоячи сўнгги вақтларда жуда юқори спорт формасини намойиш этмоқда ва у яна ҳал қилувчи зарбани йўллади. Бу муҳим ғалабадан кейин Антонио Конте шогирдлари очколар сони бўйича озарбойжонликларга етиб олди (7 тадан).

Барчаси Дортмунд фойдасига

«Боруссия» Д – «Вилярреал» 4:0

Голлар: Гирасси, 45+2 (1:0). Гирасси, 54 (2:0). Адейеми, 58 (3:0). Свенссон, 90+5 (4:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналтилар: Гирасси, 54’. Силва, 82’
«Боруссия» Д: Кобел, Антон (Эмре Жан, 84), Шлоттербек, Анселмино, Нмеча (Беллингҳэм, 77), Забитцер (Грос, 77), Свенссон, Коуту, Брандт (Чуквуэмека, 68), Адейеми, Гирасси (Силва, 68)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Фойт, Вейга, Кардона, Моуринио (Наварро, 83), Парти (Марин, 65), Гейе, Бюкенен (Ахомах, 83), Комесаня (Парехо, 74), Пепе (Молейро, 65), Олувасейи
Огоҳлантириш: Адейеми, 71
Четлатиш: Фойт, 50

Биринчи бўлимдаги энг ёдда қоларли вазият арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда юзага келди. Бурчак зарбаси ижро этилганида Анселмино яхши зарба бера олмади, аммо тўп ҳавога кўтарилди ва унга барчадан баланд сакраган Гирасси етиб бориб, ҳисобни очди. «Вилярреал» футболчилари бу ҳужум чоғида тўп Антоннинг қўлига текканини кўрсатиб, эътироз билдиришди, аммо арбитр барибир майдон марказини кўрсатди. Ҳакамнинг кейинги қарори ҳам «Боруссия» фойдасига чиқарилди. Иккинчи бўлим бошида видеотакрордан кейин Фойтга қизил карточка кўрсатилди, у Адейемининг зарбасидан кейин тўпни дарвоза чизиғи устида қўли билан тўхтатиб қолгани маълум бўлди.

Гирассининг пеналтидан зарбасини Луиз Жуниор оёқлари билан тўсди, аммо гвинеялик ҳужумчи қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб борди ва дублни расмийлаштирди. Шу куни оқ формада ўйнаган «сариқ субмариналар» шундан кейин тақдирга тан беришди ва кўп ўтмай Адейеми барибир ўз мақсадига етиб, ҳисобни йириклаштирди. Ўйин охирида Свенссон тўртинчи голни ҳам урди, ўйин янада йирикроқ кўриниш олиши ҳам мумкин эди, аммо Гирассининг ўрнига тушган Фабиу Силва ҳам пеналтидан фойдалана олмади. «Вилярреал» ЕЧЛда ғалабасиз серияни давом эттирмоқда (8 ўйин), «Боруссия» эса ҳозира тўртинчи ўринга кўтарилди.

«Велодром»даги камбек, Обамеянгда рекорд

«Марсел» – «Нюкасл Юнайтед» 2:1
Голлар:
Барнс, 6 (0:1). Обамеянг, 46 (1:1). Обамеянг, 50 (2:1)
«Марсел»: Рули, Балерди, Эмерсон, Павар, Вермерен, Ҳейберг, Бакола (О`Райли, 62), Пайшао, Веа, Гринвуд (Гомеш, 88), Обамеянг (Ваз, 90+2)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Шер (Ҳолл, 61), Тшау, Берн, Ливраменто (Майли, 61), Тонали, Уиллок (Рэмси, 72), Гимарайнс, Барнс, Мёрфи (Эланга, 61), Гордон (Волтемаде, 72)
Огоҳлантиришлар: Балерди, 3. Бакола, 36. Эмерсон, 52. Гринвуд, 67. Вермерен, 84 – Уиллок, 20. Гордон, 42. Берн, 65

«Нюкасл» ўйинни кучли бошлаб, рақиб дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятлар яратди: Ҳейберг тўпни дарвоза чизиғи устидан олиб чиқишига тўғри келди. Аммо кейинги ҳужумда мезбонлар Барнснинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбасини ўтказиб юборишди. АПЛдаги охирги ўйинда «Сити» дарвозасини икки бор ишғол этган ушбу ҳужумчи ЕЧЛнинг жорий мавсумидаги голлари сонини 4 тага етказиб олди ва у клуб афсонаси Алан Ширернинг бу борадаги рекордини такрорлаш учун яна икки гол уриши кифоя.

«Марсел» ҳам биринчи бўлимда яхши ўйнади, аммо вазиятлардан фойдалана олмади. Натижада иккинчи бўлимда Обамеянг барча ишни ўз зиммасига олишига тўғри келди ва габонлик ҳужумчи беш дақиқа ичида дубл расмийлаштириб, жамоасига ғалаба келтирди. У французлар жамоасининг ЕЧЛда дубл қайд этган энг катта ёшли футболчисига айланди (36 ёшу 5 ой).

Моуриниода илк ғалаба

«Аякс» – «Бенфика» 0:2
Голлар:
Дал, 6 (0:1). Баррейру, 90 (0:2)
«Аякс»: Ярош, Бас, Шутало, Вайндал (Мокио, 60), Регер (Моро, 83), Итакура, Тэйлор, Классен (Глух, 74), Годтс (Фитц-Жим, 74), Бунида (Долберг, 74), Вегҳорст
«Бенфика»: Трубин, Силва, Отаменди, Дал, Дедич, Барренечеа, Риос, Баррейру (Регу, 90+3), Судаков (Араужу, 81), Эурснес, Павлидис (Ману Силва, 90+2)
Огоҳлантиришлар: Вегҳорст, 69 – Дал, 74

«Бенфика» сентябрда ЕЧЛнинг 1-турида ўз майдонида «Қорабоғ»га ютқазиб қўйгач, Жозе Моуринио қутқарувчи ролида олиб келинганди, аммо лиссабонликлар шундан кейинги ўйинларни ҳам бой беришди ва турнирдаги илк ғалабани 5-турга келиб қўлга киритди. Лекин инқироз ҳолатидаги «Аякс»ни ҳам мағлуб эта олмаганида, Жозени ҳам истеъфо кутаётганди.

«Бенфика» тезкор гол билан ҳисобни очди: ҳимоячи Дал рақиб жарима майдони яқинида ҳужумни иккинчи темпда давом эттириб, олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ўйин охирида қарши ҳужумдан Баррейру иккинчи голни урди ва португалияликлар илк очколарни ўз ҳисобига ёзиб қўйишди: энди уларда ўтиш ўйинларига чиқиш имконияти пайдо бўлди, «Аякс» эса ЕЧЛнинг бу мавсумида ҳали бирорта очко қўлга киритмаган ягона клуб бўлиб турибди. Жон Ҳейтинга истеъфога чиқарилганидан кейин ҳам вазият ўзгармаяпти, Амстердам жамоаси турнирдаги бешта ўйиннинг барчасида ютқазди ва бу Нидерландия клубларининг ЕЧЛдаги антирекордининг такрорланиши бўлди, 2017 йилда «Фейеноорд» ҳам шундай нохуш серия қайд этган.

Белгия комплекси

«Галатасарой» – «Юнион» 0:1
Гол:
Дэвид, 57 (0:1)
«Галатасарой»: Угурджан Чакыр, Санчес, Абдулкарим Бардакчи, Якобс (Арда Юнай, 53), Шоллои, Сара, Торрейра, Гундўған, Бариш Йилмаз, Сане, Икарди
«Юнион»: Схерпен, Берджесс, Сайкс, Макаллистер, ван де Перре, Зорган, Нянг (Лейсен, 90), Халаили, Аит ал-Ҳожи (Сҳофс, 71), Дэвид (Родригес, 58), Флоруч (Буфал, 71)
Огоҳлантиришлар: Гундўған, 13. Торрейра, 62. Санчес, 64. Арда Юнай, 79 – Дэвид, 36. Халаили, 62
Четлатиш: Арда Юнай, 89 (иккинчи сариқ)

«Галатасарой» «Юнион» билан ўйинда дарвоза томон 15 бор зарба йўллади, аммо Осимҳен жароҳат туфайли тушмаган ўйинда вазиятларни голга айлантиришнинг имкони бўлмади. Ҳолбуки истанбулликлар сафида ижрочилар етарли эди: Сане, Икарди, Гундўған каби тажрибали футболчилар илк дақиқалардан ўйнади. Аммо Белгиядан келган меҳнаткаш футболчилар иккинчи бўлим стартида Чақир дарвозаси олдида яхши голли комбинация уюштиришди ва бир гол ғалаба учун етарли бўлди. Энда турнир дебютантларида ўтиш ўйинларига чиқиш учун имконият пайдо бўлди. Яқинда «Ливерпул»ни мағлуб этган турклар эса Белгия жамоаларига қарши чора топа олмаяпти – тўққиз ўйин ва бирорта ғалаба йўқ.

«Атлетик» вазиятини оғирлаштирди

«Славия» Прага – «Атлетик» 0:0
«Славия» Прага: Станек, Зима, Халоупек, Мозес, Зафейрис (Хитил, 79), Садилек, Мбоджи (Холеш, 55), Дудера (Боржил, 55), Санянг (Кушей, 55), Провод, Хори
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Паредес, Бойро, Аресо (Лекуэ, 79), Руис де Галаррета (Хаурегисар, 64), Рего, Сансет (Санчес, 57), Наварро, Беренгер (Уилямс, 57), Гурусета (Гомес, 79)
Огоҳлантиришлар: Провод, 15. Хори, 40 – Гурусета, 19. Руис де Галаррета, 45. Паредес, 86

25 ноябр куни «Фортуна Арена»да ҳеч нарса рўй бермади. Басклар бу мавсумда шунчаки ёмон формада. Жамоа Испания чемпионатининг охирги турида «Барселона»га 0:4 ҳисобида ютқазганди ва Прагадаги ўйинда тўғридан тўғри рақобатчиларга қарши ўйинда вазиятни ўнглаши талаб этиларди, аммо якунда бу оқшомнинг гол урилмаган ягона ўйини бўлиб қолди. Шу билан бирга, «Атлетик» буни омадсизликка йўя олмайди: Эрнесто Валверде шогирдлари ҳеч бир жабҳада мезбонлардан устунлик қила олмади. Хавфли вазиятлар борасида тенглик кузатилди, тўпга эгалик қилиш нисбати бўйича эса испанлар ортда ҳам қолишди.

Умумий гуруҳ жадвали:

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид