Ўзбекистон | 21:18 / 30.01.2024
29553
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “powerbank ижараси”дан даромад олиш таклиф этилмоқда. Бу навбатдаги молиявий пирамида бўлиши мумкин

Республиканинг турли ҳудудларида одамлар “Parker” савдо белгиси остидаги лойиҳага фаол жалб қилинмоқда. Шартлар оддий: ташкилотчилар томонидан тақдим этилган мобил илова юклаб олиниб, рўйхатдан ўтилади ва белгиланган тарифлар асосида пул тикилади. Тикилган пулга гўёки дунёнинг қайсидир бурчагида powerbank харид қилиниб, ижарага берилади. Одамларни бунга ишонтириш учун эса 20 кун олдин ташкил қилинган МЧЖ гувоҳномаси кўрсатилмоқда.  

Ижтимоий тармоқларда “Parker” компанияси билан боғлиқ реклама ва эълонлар кўпаймоқда. Kun.uz ҳолат юзасидан кичик суриштирув ўтказди.  

Компания эълонларида осон пул топиш, яъни пул тикиб, яхшигина даромад олиш ҳақида гап боради. Ҳудудларда ушбу компания ўтказган тадбирларга минглаб одамлар тўпланмоқда. Жумладан, шундай тадбирлардан бири яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган. Тадбирда минг киши қатнашган.  

Шунингдек, компания маълум бир гуруҳга “чойхона” ташкил қилиб бериш орқали ҳам оммага “танилишга” интиляпти. Яъни компания ҳамкори (пул тиккан одам) 10-15 кишини бирор ресторанда йиғиб, тадбир ўтказиб беради. Тадбир жараёнида “инвестиция киритиш” схемаси ҳақида тушунтириш берилади ва йиғилганларни “сафга қўшиб олишга” ҳаракат қилинади. Тадбир учун сарф қилинган харажат эса хорижда экани айтилаётган номаълум компания томонидан қоплаб берилади.  

Мен бугун “Parker” компаниясига қизиқиши бўлган 18 нафар танишимга зиёфат ўтказиб бердим. Жуда зўр бўлди. Ҳамма ташриф буюрган инсонлар компаниямиз ҳақида илиқ таассуротларга эга бўлишди. Компания ҳақида маълумотларни билиб олдилар. Бу зиёфатда А ҳамкорим Б ҳамкорни ва C ҳамкорни шу заҳоти уланишди ва ускуна сотиб олишди. Бундан ташқари, бир нечта ҳамкорларимга синовли ускунасини ишга тушириб бердим. Яна 3-4 киши тез кунда кредит чиқариб, ПЛ4 ҳамда ПЛ3 ускунани сотиб олишларини айтдилар. Зиёфатни ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам берган “Parker” компанияси раҳбариятига ва алоҳида дилерим Луcие хонимга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, дея ёзган компания ҳамкорларидан бири.  

Одамларга нима таклиф қилинмоқда?

Ҳар бир молиявий пирамидада хўрак вазифасини “катта даромад” жумласи бажариб беради. “Parker” номи билан таништирилаётган лойиҳа ҳам одамларга осон ва тез катта даромад олишни таклиф қилмоқда.

Бунинг учун компаниянинг янги мижозига мобил илова (ушбу мобил илова расмий интернет дўконларида мавжуд эмас) ташлаб берилади. Мижоз иловада рўйхатдан ўтгач, инвестиция киритади, яъни пул тикади. Кўриладиган даромад тикиладиган пул миқдорига қараб ошиб боради. Ташкилотчилари бу пул тикишни “powerbank сотиб олиш” дея изоҳламоқда. Сабаби янги мижоз илова орқали пул тикиб, гўёки powerbank қурилмасини сотиб олади. У пул тўлаган қурилма эса дунёнинг қайсидир шаҳарларига ўрнатилган бўлади ва ижарага берилади. Ижарадан тушган пул эса мижознинг фойдасига айланади.

Масалан, янги мижоз 1-даражали жиҳоз сотиб олиш учун 120 USDT (криптовалюта, ҳозирги кунда 1 USDT 1 доллар қийматга эга) пул тикса, кунига 3, ойига 90, йилига эса 1095 USDT даромад кўриши айтилади. Одамлар агар 47 000 USDTга 13-даражали қурилма сотиб олса, бир кунга 1175, ойига 35250 ёки йилига 428 875 USDT даромад кўриш мумкинлигига ишонтирилмоқда.  

Тўлов криптовалютада, шартнома эса йўқ

“Parker”га қўшилган янги мижозлар пулни криптовалютада тикади. Бунинг учун махсус иловалар ишлаб чиқилган. Рўйхатдан ўтилгач иловада мижознинг ўз ҳисоб рақами яратилади. Махсус электрон ҳамёнлар орқали банк картасидан сўм криптовалютага айлантирилади ва иловадаги ҳисобга ўтказилади. Бу билан гўёки қурилма сотиб олинади. Кунлик даромад ҳам ушбу ҳисобда криптовалюта кўринишида шаклланиб боради. Уни эса яна сўмга айлантириб, банк картасига кўчириб олишади.

“Parker” тўлиқ онлайн шаклда ишлайди, компания ва мижоз ўртасида бирор шартнома, ҳуқуқий муносабат ёки жонли мулоқот йўқ: бу ишнинг бошида ким турганлигини ҳеч ким билмайди.

Қарийб 50 минг долларга сотиб олинган қандайдир қурилма дунёнинг қайсидир бурчакларида туриб, компания мижози учун даромад келтириши бироз шубҳали. Бироқ Ўзбекистонда бу лойиҳага ишонч билдираётган ва ундан даромад орттиришни умид қилган одамлар талайгина.   

“Куйиб қолишга ҳеч ким кафолат бермайди”

Kun.uz’даги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида “Parker” компаниясининг 10 га яқин дилерлик марказлари очилган. Улардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида.

Мазкур марказ асосчиси Охунжон Жўраев ҳисобланади. У 2024 йилнинг 5 январ куни “PARKER SHARED TECHNOLOGIES” МЧЖни ташкил қилиб, давлат рўйхатидан ўтказган. “Parker”га жалб этилганларга мазкур МЧЖнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ҳамда устави тақдим этилмоқда экан. МЧЖ тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш билан шуғулланиши қайд этилган.  

Kun.uz мавзу юзасидан Охунжон Жўраевдан изоҳ олди. 

Мактабнинг 9-синфини тамомлагач, коллежда ўқидим. “Parker”га Россияда ишлаб юрган пайтим қизиқиб, 50 доллар пул тикканман. Ушбу пулим ортидан 180 минг рубл даромад кўрдим. Энди бу ишни Ўзбекистонда давом эттирмоқдаман.

Асосий мақсадимиз маҳсулотни одамларга таништириш. Бу компания қурилмалари ҳозирда Хитойда ишлаб чиқариляпти. Қурилмалар одам гавжум жойларда ўрнатилади. Айтайлик, метрода кимнингдир телефон қуввати тугаб қолди. У метро бекатида ўрнатилган қурилма орқали телефонини қувватлантириши мумкин. Бунинг учун маълум бир миқдорда ҳақ тўлайди. Инвестиция киритганларнинг даромади ана шу пулдан шаклланади.

Ҳозирча Ўзбекистонда бирор бир жойда “Parker” powerbank’лари ўрнатилмаган. Одамларга тушунтириш ва танитиш учун бизга бир нечта қурилма жўнатилган. Қурилма Ўзбекистон бозорига энди кириб келади.

Инвестиция киритиш тарифлари компания томонидан белгиланган. Ҳозирда ўзим 4400 USDTлик қурилма сотиб олганман.

Барча ишлар мобил иловада бажарилади, компания раҳбарлари билан учрашмаганмиз. Пул тикканлар куйиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Биз ҳеч кимни мажбурлаганимиз йўқ. Масалан, Самарқанддаги дилеримиз минг кишилик тадбир қилди. Тадбирга 41 минг доллар маблағ сарфланди. Бу харажатни компания қоплаб берди. Агар фирибгарлик бўлганида компания бу пулни тўлаб бермаган бўларди”, дейди Охунжон Жўраев.  

Суҳбатдан маълум бўлдики, Охунжон Жўраев МЧЖни айнан нима мақсадда таъсис қилганини ўзи ҳам билмайди. “Фирмани давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш учун керак бўлади деб очгандим”, дейди у.

Шунингдек, Охунжон Жўраев тизимни хориждан туриб бошқараётганларни танимаслигини, уларнинг бирортасини кўрмаганлигини, мулоқот фақат интернет орқали (асосан Telegram’да) бўлишини айтди.

Молиявий пирамида

Бу доимий равишда янги иштирокчиларнинг маблағларини жалб қилиш орқали тузилма аъзоларига даромад тўлаб боришни назарда тутувчи тизим. Бунда пирамиданинг биринчи иштирокчиларининг даромадлари кейинги иштирокчилар ҳисобидан тўланади.

Аксарият молиявий пирамидаларда тузилмага маълум миқдорда пул киритиш ва ўзидан кейин 2 ёки ундан ортиқ иштирокчиларни жалб қилиш шартини бажариш эвазига киритган пулини ошиғи билан қайтариб олиш ваъда қилинади.

Тизим ишончли кўриниши учун унга баъзи элементлар қўшилиши мумкин. Бунда иштирокчи гўёки бирор буюм, дори воситалари, “соғломлаштирувчи” гиёҳлар ёки шунга ўхшаш товар ҳамда маҳсулотларни харид қилаётгандай бўлади. Аммо аксарият ҳолларда бу “олди-сотди” бозор қонунларининг энг содда шартларига ҳам мос келмайди.   

Мақоламизда қаламга олинган ҳолат ҳам навбатдаги молиявий пирамида – одамларнинг пулини тўплаб олиш учун ўйлаб топилган схема бўлиши мумкин. Унга қизиқиш билдираётган ҳамюртларимизга лақма бўлмасликни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга эса “Parker васвасаси”ни текшириб кўришни тавсия қиламиз.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид