Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёзда одамлар билан тўлиб-тошадиган қишлоқ — Гулистонга саёҳат
Наманган вилоятининг Поп туманидаги Гулистон қишлоғи тоғ оралаб 22 кмга чўзилган. Икки тоғ ораси, сой бўйида жойлашган бу гўша бетакрор табиати билан машҳур. Ёз фаслида дам олувчилар билан тўлиб-тошадиган қишлоқ ҳаво ҳарорати тушиб, анча ҳувиллаб қолган. Kun.uz мухбири Гулистон қишлоғида бўлиб, одамларнинг яшаш тарзи билан қизиқди.
Бир пайтлар деҳқончилик билан шуғулланган гулистонликлар бугунга келиб ўз хонадонларида меҳмон уйлари ташкил қилиб тирикчилик ўтказишар экан. 91 ёшли Шарофиддин ота Ҳасанов Гулистон қишлоғи ҳақида сўзлаб берди.
“Қишлоғимизни баланд тоғлар ўраб туради. Икки тоғ орасидан ўтувчи сой қишлоғимизга ўзгача файз қўшган. Гулистоннинг биринчи номи Подшохўжа мозор эди. 60 йилларда қишлоқ номи Гулистонга ўзгарди.


Авваллари кўпчилик чорвачилик, деҳқончилик қилиб кун кўрган. Биз ҳам сигир, эчки, қўй боқиб, рўзғор тебратганмиз. Кези келганда томорқага беда, буғдой, маккажўхори экдик. Энди ҳозирги вақтга келиб шароитлар ўзгарди. Одамлар аввалгидек деҳқончилик қилмай қўйди.


Қишлоғимиз Поп тумани марказидан 60 километр узоқликда жойлашган. Электр энергияси 1969-70 йилда келган. Илгари шамчироқда ўтирганмиз. Керосин сотиб олиб, унга пиликни ботириб, уйни ёритардик.

Аввал аҳоли булоқдан сув ичган, кейин сойдан ичадиган бўлди. Одамлар сойнинг иккала томонига жойлашган. Ёзда қишлоғимиз жуда файзли бўлади. Гулистон ва Чодак қишлоқлари меҳмонлар билан тўлади.


Қишлоқда ҳам одамлар кундан кунга кўпаймоқда. 4 000 га яқин одам яшайди. Меҳмонхона уйлар тобора кўпайяпти. Ёз фаслида биз ҳам ҳовлимизга меҳмонларни жойлаймиз. Қишлоқ аҳолисининг асосий қисми чет давлатга бориб ишлаб келиб оила боқяпти. Мана шунақа гаплар…”, дейди отахон.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz