Жаҳон | 10:16 / 01.03.2026
11727
3 дақиқада ўқилади

Эронни ўтиш даврида бошқариш учун уч кишилик Кенгаш тузилади

Али Хоминаийнинг ўлимидан сўнг — амалдаги президент, бош судя ва Фиқҳ кенгаши аъзосидан иборат кенгаш Эронни вақтинча бошқаради. «Экспертлар мажлиси» деб аталадиган ҳайъат эса «имкон қадар тезроқ» янги олий раҳбарни танлаши шарт.

Эрон олий раҳбари 2024 йил 28 июл куни Теҳронда янги сайланган президент Масъуд Пизишкиённи расман тасдиқламоқда / Фото: AP

Эрон давлат ахборот агентлиги якшанба куни олий раҳбар, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўлимидан кейинги ўтиш даврида мамлакатни бошқариш учун кенгаш ташкил қилинишини хабар берди.

Эрон Конституциясида белгиланган тартибга мувофиқ, бугуннинг ўзида раҳбарлик вазифаларини ўз зиммасига олиш ва мамлакатни бошқариш учун кенгаш тузилади.

Кенгаш — Эроннинг амалдаги президенти, мамлакат суд ҳокимияти раҳбари ва Олий раҳбарга маслаҳат берадиган Фиқҳ кенгаши аъзосидан иборат.

Associated Press нашрининг ёзишича, Эроннинг ислоҳотчи президенти Масъуд Пизишкиён ва суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний ҳозирда кенгашнинг аъзолари бўлиб, улар «раҳбарликнинг барча вазифаларини вақтинча ўз зиммасига олади».

Эрон қонунчилигига кўра, 88 нафар аъзодан иборат «Экспертлар мажлиси» деб аталадиган ҳайъат «имкон қадар тезроқ» янги олий раҳбарни танлаши шарт. Бу ҳайъат тўлиқ шиалар руҳонийларидан иборат бўлиб, улар ҳар саккиз йилда умумхалқ сайлови орқали сайланади ва номзодлари Эроннинг конституцион назорат органи — Фиқҳ кенгаши томонидан тасдиқланади.

Эрон президентининг ваъдаси ва бошқа қурбонлар

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён идораси Хоминаийнинг ўлдирилишини «улкан жиноят» деб қоралади ва жавоб қайтаришга ваъда берди.

«Бу буюк жиноят ҳеч қачон жавобсиз қолмайди ва ислом олами ҳамда шиалик тарихида янги саҳифа очади. Бу сафар ҳам бутун куч ва қатъиятимиз билан, ушбу жиноят ижрочилари ва буйруқ берганларни пушаймон қиламиз», дея идора баёнотини келтирмоқда Al Jazeera нашри.

Шунингдек, Пизишкиён 40 кунлик мотамга қўшимча равишда етти кунлик умуммиллий дам олиш кунлари ҳам эълон қилди.

Теҳрондаги Инқилоб майдонида одамлар тўпланиб, Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин реакция билдирмоқда. 1 март, 2026 йил / Фото: Reuters

Эрон давлат ахборот агентлиги шанба куни икки нафар юқори даражали ҳарбий раҳбар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Мудофаа кенгаши котиби адмирал Али Шамхоний ва Ислом инқилоби мухофизлари корпуси бош қўмондонлигидаги майор генерал Маҳмуд Покпур. «Ҳар иккала амалдор ҳам шанба куни Теҳрондаги зарбаларда қурбон бўлган», деб ёзди IRNA.

Бу ҳужумларда Эрон мудофаа вазири Амир Носирзода каби юқори ҳарбий раҳбарлар ҳам қурбонлар қаторида тилга олинган. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид