Жаҳон | 07:41
14645
6 дақиқада ўқилади

Али Хоминаий ҳалок бўлди

Эроннинг олий раҳбари, 86 ёшли оятуллоҳ Али Хоминаий АҚШ ва Исроилнинг шанба кунги зарбалари оқибатида вафот этган. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Али Хоминаийнинг ўлими мамлакатни янада қатъиятли қилишини билдирди. АҚШ эса зарбалар давом этишини маълум қилмоқда.

Фото: AP Photo

Эрон ислом республикаси олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий АҚШ ва Исроилнинг шанба кунги зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.

Дастлаб Исроил нашрлари мамлакат расмийларига таяниб, Али Хоминаий Теҳрондаги қароргоҳига берлган зарба оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Кўп ўтмай Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Эрон олий раҳбари Али Хоминаий тирик қолмаганининг кўплаб белгилари борлиги»ни айтиб чиқди.

Кейинроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам бу ҳақда ёзди. У Хоминаийни «тарихдаги энг ёвуз кишилардан бири» деб атаб, энди Эрон халқида «ўз мамлакатини қайтариб олишга катта имконият пайдо бўлгани»ни айтган. У Эрон полицияси ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзоларини Эрон халқи томонига ўтишга чақирган.

Трамп Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун Эрон бўйлаб зарбалар давом этишини қўшимча қилган.

Якунда Эрон томони бу маълумотни тасдиқлади, давлат телевидениесида олий раҳбарнинг ўлими ҳақидаги расмий баёнот ўқиб эшиттирилди. Мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди. Унда Хоминаий ҳужум вақтида ўз иш жойида, яъни қароргоҳида бўлгани айтилади.

Баёнотда оятуллоҳ Али Хоминаий эҳтиромга сазовор исломий диний арбоб сифатида таърифланади. Шунингдек, «унинг шаҳидлик ҳақидаги узоқ орзуси» рўёбга чиққани ва муқаддас Рамазон ойида вафот этгани таъкидланган. «Эрон душманлари шуни билиши керакки, мамлакат раҳбарининг ўлими зулмкорларга қарши курашда улкан қўзғолонни алангалантиради», – дейилади баёнотда.

Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда Хоминаийнинг қароргоҳи вайрон бўлгани акс этган. Reuters агентлиги харобалар остидан Хоминаийнинг жасади топилганини маълум қилган.

Airbus тақдим этган ушбу суратда 2026 йил 28 феврал куни Эронда олий раҳнамо қароргоҳига берилган зарба акс этган

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам Хоминаийнинг ўлими ҳақида баёнот берган. Унда бу воқеа Эронни янада қатъиятли қилиши билдирилган.

Хоминаий худди Эрон президенти Масъуд Пизишкиён каби Исроил зарбаларининг асосий нишонларидан бири бўлган. Ҳозирда Пизишкиён қаердалиги маълум эмас.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи шанба куни NBC News телеканалига берган интервюсида ояттуллоҳ ва Пизишкиён тириклиги ҳамда хавфсизликда эканини айтганди.

Энди нима бўлади?

Али Хоминаий 86 ёшда эди. У 1979 йилда Эронда шоҳлар ҳокимияти ағдарилишига олиб келган ислом инқилоби етакчиси Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг издошларидан бўлган ва 1989 йилда унинг вафотидан кейин Эрон олий раҳбарига айланиб, 36 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётганди.

У ўтган йил июн ойида Исроил ва АҚШнинг 12 кунлик ҳаво зарбалари вақтида омон қолганди. Ўшанда Теҳронга йўлланган авиазарбалар оқибатида унинг бир қатор яқин кишилари ва Ислом инқилоби муҳофизлари қўмондонлари ҳалок бўлган, шунингдек, ядровий ва ракета объектларига жиддий зарар етказилганди.

Шанба кунги зарбалар оқибатида Али Хоминаийнинг яқин маслаҳатчиларидан бири, Эрон мудофаа кенгаши котиби Али Шамхоний ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳам ҳалок бўлган.

Reutersʼнинг ёзишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳужумлардан бир неча кун олдин баҳолаш ўтказган: агар операция давомида Хоминаий ўлдирилса, унинг ўрнини Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси сафидаги қаттиққўл шахслар эгаллаши мумкинлиги кўриб чиқилган.

Эрондаги IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, энди мамлакатни президент Масъуд Пизишкиён, бош судя ҳамда конституция посбонлари кенгашининг бир аъзосини ўз ичига оладиган учлик вақтинча бошқариб туради.

Амалда эса ҳокимият Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний қўлига ўтиши мумкин. 67 ёшли ушбу сиёсатчи сўнгги вақтларда Хоминаийнинг ишончига кирган яқин кишиларидан бирига айланганди.

Хоминаийнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган яна бир номзод парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофдир. Шунингдек, собиқ президент Ҳасан Руҳонийнинг ҳам номзоди кўриб чиқилмоқда – у оятуллоҳ Хоминаийнинг яқинлари дорирасига кирмайди, аммо ислоҳотчи сиёсатчи ҳисобланади ва АҚШ томони унинг номзодига хайрихоҳ бўлиши мумкин.

Эронда яна нималар бўлмоқда?

28 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 09:30 атрофида Теҳронда дастлабки портлашлар рўй берди. Бундан ташқари, шу вақтда мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари, жумладан, Исфаҳон, Қум, Кереж ва Кирмоншоҳ ҳам ҳужумга учраган.

Эрон ҳаво ҳудуди ёпилди.

Қизил яримой жамиятининг Эрондаги бўлимининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг 24 та вилоятида жами 201 киши ҳалок бўлиб, 747 киши яраланган.

Хусусан, Эрон жанубидаги Миноб шаҳрида жойлашган қизлар мактабига зарба берилиши оқибатида 108 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Ҳалок бўлганлар орасида яна бир қанча мартабали сиёсатчилар ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг қўмондонлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Эрон томони бунга жавобан бутун Яқин Шарқ бўйлаб жавоб зарбаларини амалга оширмоқда, асосан Америка ҳарбий базалари ҳамда АҚШга иттифоқчи бўлган ҳудудлар нишонга олинмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид