Жамият | 08:50 / 18.12.2025
3171
2 дақиқада ўқилади

Тошкент, Самарқанд ва Гулистонда 3 нафар адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Тошкент, Самарқанд ҳамда Гулистон шаҳарларида 3 нафар адвокат пул эвазига “масала ҳал қилиш”га уринишда қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлар ҳайъатида фаолият юритувчи, муқаддам судланган адвокат 5 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланган. Терговга кўра, у Миробод туман ИИО ФМБ Тергов бўлими юритувидаги Жиноят кодексининг 131- ва 135-моддалари бўйича қўзғатилган иш айбланувчисидан 135-моддани “олиб ташлаш” ҳамда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашда ёрдам бериш эвазига жами 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Самарқанд шаҳрида эса маҳаллий адвокатлик фирмаси адвокати жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўрилаётган Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича ишда айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида “танишлари орқали ёрдам бериш” эвазига 4 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланган.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса адвокатлик бюроси адвокати Оқолтин туманидаги МЧЖ раҳбаридан 450 млн сўмлик дори воситаларини олиб, пулини бермай юрган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиб беришни ваъда қилгани, бунда 1500 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олингани билдирилган.

Айтилишича, ҳозирда уч нафар адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид