Ўзбекистон | 16:43 / 20.02.2026
11915
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳоким ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди

Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари ҳокимлик захирасидаги 9 га ер майдонини полиз экинлари экиш учун 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган. У келишилган пулдан 30 млн сўмини аввалроқ олган. Қолган 60 млн сўмни олаётганда эса тезкор тадбирда ушланган. Ҳоким ўринбосарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарёда ҳоким ўринбосари ва Наманганда ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ҳокимлик захирасидаги 9 га ерни ижарага бермоқчи бўлган. У ушбу ер майдонини Шеробод туманида яшовчи фуқарога полиз экинлари экиш учун 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган. “Замҳоким” жорий йил январ ойида келишилган пулнинг 30 млн сўмини олган.

У қолган 60 млн сўмни Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчасида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

Ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Наманган вилояти Чуст тумани маҳаллаларидан бирида ишловчи ҳоким ёрдамчиси 2022 йилда “Садача” кичик саноат зонаси ҳудудидан ўзининг қариндошига тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 43 сотих ер майдонининг 20 сотих қисмини ҳокимиятдаги танишлари орқали бошқа фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид