Узун тумани ободонлаштириш бошқармаси кадрлар бўлими мутахассиси Ирода Шариповага нисбатан чиқарилган суд ҳукми кассация инстанцияси ажрими билан ўзгартирилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ажримига кўра, Ирода Шариповага тайинланган 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиб, 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси бекор қилинди. Кассация суди Ирода Шарипованинг қилмиши ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган, деб ҳисоблаб, уни жазодан озод қилди.

Шу билан бирга, суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди, оқлов ҳукми чиқаришни сўраб қилинган кассация шикояти эса қаноатлантирилмади.

Нима бўлганди?

Узун тумани қабристон назоратчиси вазифасида ишлаб келган Абубакр Ҳотамов исмли ходим 2022 йил сентябрдан 2025 йил апрелигача ўз хизмат фаолиятида ишлаб турган ҳолда қўшимча равишда Термиз шаҳридаги Имом Термизий номли ўрта махсус касб-ҳунар диний мактабида таълим олиб келган, бундан раҳбариятни хабардор қилмаган.

Ирода Шарипова Абубакр Ҳотамов иш жойида бўлмагани ҳолатида табелларга сохта маълумотлар киритиб, унга иш ҳақи сифатида тўланган 44,7 млн сўм бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилганликда айбланган.

Абубакр Ҳотамовнинг фаолиятини назорат қилиш Ирода Шарипованинг ваколатига кирмаган. Қолаверса, айнан Ҳотамов ишлаган ҳудуд Иродадан 35-40 км узоқда, уни ҳар куни назорат қилишга имкон йўқ ва у бўлим бошлиқлари берган ҳисоботга кўра иш ҳақи ёзган. Ишга гувоҳ сифатида жалб этилган Абубакр Ҳотамов ҳам Шарипованинг айби йўқлигини айтган.

ЖИБ Қизириқ туман судининг 2025 йил 25 октябрдаги ҳукми билан Ирода Шарипова ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларида айбли деб топилган. Унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Икки фарзандни улғайтираётган ёлғиз аёл суд тайинлаган жазодан сўнг оғир аҳволга тушиб қолган. У кассация тартибида шикоят бергач, иш кассация судида кўриб чиқилиши белгиланганди.