Ўзбекистон | 10:32 / 27.02.2020
14480
2 дақиқада ўқилади

“International Job Organization xususiy bandlik agentligi”нинг Хоразм ва Андижон филиалларидаги фирибгарликлар фош этилди

 Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Фото: International Job Organization

 Текширувда “International Job Organization xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг Хоразм вилояти филиали директори Ғ.Х. бир неча фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Германия ва Польша давлатларига ишга юбориш важи билан жами 193,2 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

 Шунингдек, Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

 Унда фуқаро Э.Т. фуқаро Х.А.ни Польша давлатига ишга юбориш эвазига, 600 АҚШ долларини “International Job Organization xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг Андижон вилояти филиали биносида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

 Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, “International Job Organization xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг Андижон вилояти филиали менежери Э.Т. ва бошқалар, фуқароларни 45 кун муддат ичида чет элга ишга жўнатишга ишонтириб, 2019 йилда 5 нафар фуқаронинг 33,1 млн сўм нақд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

 Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан “INTERNATIONAL JOB ORGANIZATION xususiy bandlik agentligi” МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқалар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид