Ўзбекистон | 22:06 / 21.04.2020
77303
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан уй олиш учун прописка сўралмайди, ишдан бўшаган ходимнинг пропискаси «куймайди». Президент фармони имзоланди

Бундан буён ишдан бўшатилган ходимнинг пропискаси «куйиб кетмайди» ва Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилинмайди. Бошқа вилоятда яшовчи шахслардан Тошкент шаҳридан уй олганда ундириладиган оширилган қийматдаги давлат божи бекор қилинмоқда. Kun.uz’ манбаси хабар беришича, президент томонидан 21 апрель куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат имзоланди.

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, фармон билан бир ҳафта муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини Олий Мажлисга тақдим қилиш вазифаси юклатилган.

Қонун лойиҳасида прописка тизимида бир қатор ўзгаришлар кўзда тутилмоқда.

Хусусан, илгари фуқаро давлат органидаги фаолияти даврида пропискага кирган, ишдан бўшатилганда ёки шартномада белгиланган муддати якунига етганда пропискадан чиқариб юборилган бўлса, энди бундай бўлмайди. Унинг пропискаси сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, шу пайтгача эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаши талаб этилган ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилган бўлса, қонунчиликка ушбу талабни бекор қилувчи ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлисга тақдим этиладиган қонун лойиҳасида муқаддам Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, ўзлари яшаган жойга қайтиб келганда, улар ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, парламентга киритиладиган қонун лойиҳаси тасдиқланган тақдирда оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Мавзуга оид