Жамият | 19:12 / 31.10.2024
8751
5 дақиқада ўқилади

“Халқимизнинг соддалиги сабаб бўлмоқда”— Тошкент шаҳар суди раиси Panorama Airways ишига тўхталди

Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари мансабдорларига оид жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Ушбу иш доирасида жабрланувчилар сони 2 558 нафарни ташкил этган. Уларга етказилган зарар миқдори эса 25 млрд сўм. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тошкент шаҳар судида 9 ойлик якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, йил бошидан буён ҳозиргача Тошкент шаҳри бўйича уч нафар судяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозиргача ЖИБ Сергели туман судяси ҳамда Янгиҳаёт туман суди раиси ва унинг ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Соҳада бундай ҳолатларга дуч келишимиз мумкин ва бу каби воқеаларни яшириш ҳам керак эмас”, дейди Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Хожақулов.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Panorama Airways ва Gulbakhor Airwaysʼга оид суд иши ҳақидаги журналистларнинг саволларига жавоб берилди.

Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари томонидан Умра сафарига юбориш ваъдаси билан алданиб қолган жабрланувчилар сони 2558 тани ташкил этади. Бунда етказилган зарар эса 25 млрд ҳисобланади. Бу иш бўйича суд ишлари давом этмоқда. Журналистлар фирибгарлик жиноятини содир этган шахслар белгиланган жазони ўтаб бўлиб озодликка чиққанда ҳам яна қайта ўша жиноятга қўл урмоқда ёки муддатидан олдин озод этилмоқда қабилидаги гапларни таъкидлашди. Биз бу масалада бир неча таклифларни бермоқдамиз. Яъни фирибгарлик билан жиноят қилган ва қайта шу жиноятни такрорлаган шахсларга иккинчи бора фирибгарлик бўйича судга тортилганда жазони енгиллаштирувчи чоралар кўрилмаслиги кераклигини таклиф сифатида тақдим қилмоқчимиз. Аммо телевидение ёки ижтимоий тармоқларда бу каби жиноий ишлар ҳақида хабар бериб, аҳолини огоҳликка чақирмайлик, барибир алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Бу каби ҳолатлар анчагина кўпайган. Сабаб аҳолининг билимсизлиги ва огоҳликка эътибор бермаслиги. Аҳолининг юридик салоҳияти ошса, бирор уйни ёки тур фирманинг хизматини сотиб олишдан олдин ташкилот ҳақида атрофлича маълумот йиғиш керак. Қариндош ёки танишнинг оғзаки гапига ишониб алданиб қолаётганлар ҳам анчагина. Бунинг ечими ҳушёр бўлиш. Янгиликлардан бохабар бўлиб кейин ҳаракат қилиш керак”, дейди Тошкент шаҳар суди раиси.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2024 йил 9 ойи давомида 8 644 нафар шахсга нисбатан 7 170 та жиноят иши, 12 091 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган. Ушбу даврда судлар томонидан 714 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 411 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.

Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2024 йил 9 ойи давомида 85 247 нафар шахсга нисбатан 72 039 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 3 760 тага, шахслар сони эса 6.053 нафарга кўпайган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан эса жами 198 949 та иш ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1 118 694 та ишларнинг 17,7 фоизини ташкил этгани айтиб ўтилди.

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 6 313 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 та ёки 1,8 фоизга ошган.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар иқтисодий судлари фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 92 513 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 86 907 таси иш юритишга қабул қилиниб, 78 588 таси кўриб чиқилган ва 74 723 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 1 992 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 713 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 160 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 204 тага ёки 34,6 фоизга кўпайган.

2024 йил январ-сентябр ойлари давомида Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 2 282 та ариза (шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 238 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган, 217 та ариза ва шикоят қайтарилган, 1800 таси иш юритув қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Шунингдек, 21 та иш материал тартибида кўрилган.

Мавзуга оид