Жаҳон | 20:21 / 02.05.2016
26405
2 дақиқада ўқилади

Ар-Риёд АҚШ коалицияси таркибида Сурияга махсус кучларини юборишга тайёр

Агар Қўшма Штатлар Сурияга қуруқликдаги ҳарбий кучларини юборишга қарор қилса, Саудия Арабистони ҳам Сурияга АҚШ бошқарувидаги коалиция таркибига махсус бўлинмасини юборишга тайёр. Бу ҳақда 2 май куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Адель аль-Жубейр маълум қилган.

“Агар АҚШ бошқарувидаги коалиция Сурияга қуруқликдаги кучларини юборишга қарор қилса, у ҳолда Саудия Арабистони ушбу уринишларнинг бир қисми сифатида махсус кучларини юборади. Бу бир томонлама қадам бўлмайди, бу ИШИДга қарши АҚШ бошқарувидаги коалициянинг бир қисми бўлади”, - деди вазир. 

Ал-Жубейрнинг айтишига кўра, бу масала АҚШ ҳарбийлари билан муҳокама қилинган. 

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири 2 май куни Женевада АҚШ давлат котиби Жон Керри ва БМТ бош котибининг Сурия масалалари бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура билан учрашди. Суҳбат давомида Суриядаги вазият муҳокама қилинди. Ал-Жубейрнинг айтишича, президент Башар Асад ҳукумат тепасидан кетмай туриб, Сурияда тинчлик ўрнатиш имкони мавжуд эмас.

Мавзуга оид