Спорт | 20:09 / 02.05.2016
10765
2 дақиқада ўқилади

Оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати якунланди

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида жорий йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати якунланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

 Осиё оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада Осиё қитъасининг ўттиздан зиёд давлатидан уч юзга яқин спортчи совринли ўринлар билан бирга Олимпиада йўлланмалари учун ҳам беллашди.

Ўзбекистонлик спортчи, оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Руслан Нурудинов вазни 105 килограммдан оғир бўлган полвонлар ўртасида олтин медални қўлга киритди. У штангани даст кўтаришда 191 килограмм натижа қайд этди.

Яна бир ўзбекистонлик спортчи, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Иван Ефремов вазни 105 килограммгача бўлган спортчилар беллашувида штангани даст кўтаришда 183 килограмм натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Унинг силтаб кўтаришда қайд этган натижаси (211 килограмм) бронза медалга лойиқ топилган бўлса, иккикураш якунига кўра, 394 килограмм натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида қатнашган Сардор Дўстмуродов штангани силтаб кўтаришда кумуш, иккикураш якунига кўра бронза медаль билан тақдирланди.

Вазни 62 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида иштирок этган Адҳам Эргашев штангани даст кўтаришда 125 килограмм натижа билан бронза медаль соҳиби бўлди.

Мусобақанинг хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларида муносиб иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 101 очко билан Олимпия ўйинларига йўлланма олди.

Мавзуга оид