Жаҳон | 08:49
1230
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда икки вертолёт тўқнашди: машҳур хонанда Оливер Три ҳалок бўлди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетиши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида америкалик хонанда Оливер Три ҳам бўлгани хабар қилинмоқда. Ҳозирча ҳалок бўлганларни расман идентификация қилиш имкони бўлмаяпти.

Фото: AP

Фожиа 14 июн куни Рио-де-Жанейро шаҳрининг Рекрейо-дус-Бандейрантес тумани осмонида содир бўлган. Маҳаллий қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетган ва шундан сўнг ерга қулаб тушган.

Вертолётлардан бирида беш нафар йўловчи, иккинчисида эса учувчи бўлган. Ҳодиса оқибатида барча йўловчилар ва пилот ҳалок бўлган.

Халқаро ахборот агентликлари полиция манбаларига таяниб хабар беришича, қурбонлар орасида 32 ёшли америкалик хонанда ва қўшиқ муаллифи Оливер Три ҳам бўлган. У Бразилияга жаҳон гастрол сафари доирасида ташриф буюрган эди.

Ҳалок бўлганлар орасида, шунингдек, бразилиялик мусиқа продюсери, аргентиналик видеорежиссёр ва YouTube блогери Гаспар Прим ҳам борлиги айтилмоқда.

Тўқнашувдан кейин ҳар икки вертолёт электромобиллар автосалонининг автотураргоҳи ҳудудига қулаб тушган. Зарба оқибатида ёнғин келиб чиққан ва қарийб 20 та автомобил ёниб кетган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қутқарувчилар ҳозирда ҳодиса сабабларини ўрганмоқда. Терговнинг дастлабки босқичида техник носозлик, инсон омили ёки парвозларни мувофиқлаштиришдаги хатолар эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.

Расмийларнинг билдиришича, қурбонларнинг жасадлари қаттиқ куйгани сабабли уларни дарҳол таниб олиш имкони бўлмаган. Шу боис шахсларни аниқлаш учун қўшимча экспертизалар ўтказилмоқда.

Оливер Три сўнгги йилларда халқаро миқёсда машҳурликка эришган ижрочилардан бири ҳисобланади. Унинг Life Goes On, Miss You ва Alien Boy каби қўшиқлари миллионлаб тингловчиларга эга бўлиб, Spotify платформасида ҳар ой 11 миллиондан ортиқ фойдаланувчи унинг ижодини тинглаб келар эди. Айрим композициялари эса 700 миллиондан зиёд эшитилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид