Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳар бири чиқишларида кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун бундай фожиа ва балоларнинг олдини олиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби ҳавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди. Бугунги кунда ҳар бир инсон албатта бундай ғоят хавфли ҳолатларни, шулар қаторида собиқ иттифоқ ҳудудларида пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни кўриб, кеча яқин дўст бўлганлар эртага ўзаро душманга, ўта хатарли вазият юзага келиб қонли урушга айланиб кетмаслигини истайди.

Бугунги кунда инсоният бир қатор глобал муаммолар – экологик таҳдидлар, одамзотнинг яшаб қолиши, урушлар, қуролли тўқнашувлар билан тўқнаш келмоқда. Таҳлилчилар урушларни олдини олиб, ер юзида тинчлик ўрнатиш, экологик муаммоларнни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлашади. Бу муаммоларни бартараф этиш инсониятнинг келажак манфаатларига хизмат қилади. Агар бу муаамолар хал қилинмайдиган бўлса, у холда инсоният келажаги хавф остида қолади. Урушлар инсониятининг “тарихий йўлдоши” бўлиб келгани тан олинади. Олимларнинг фикрича, беш минг йиллик тарих давомида ер юзида 14 500та уруш бўлиб ўтган. Бу урушлар оқибатида 3,5 миллиард киши ҳалок бўлган. Энг қисқа уруш 1896 йилда Англия ва Занзибар ўртасида юз берган. Бу уруш 38 дақиқа давом этган. Энг узун уруш эса Голландия ва Силли ўртасида салкам тўрт аср давом этган.
Авваллари ибтидоий даврда урушлар бўлмагани айтиб келинар эди. Энди маълум бўлишича, ўша даврларда хам аждодларимиз бир-бирларига қурол ўқталган экан.
Инсоният тарихи шуни кўрсатиб турибдики, шу кунга қадар одамлар табиий офатлар (зилзила, сув тошқинлари, қурғоқчилик, турли касалликлар)ни бартараф этиш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда инсонларнинг ўзлари табиат ва жамият инқирозига сабаб бўлмоқда. Жамиятдаги хар қандай ўзгариш табиатга таъсир қилмасдан қолмаяпти. Ядро қуроли яратилиши билан инсоният олдида уруш ва тинчлик муаммоси долзарб ахамиятга эга бўлди. Журналистлардан бири А.Эйнштейнга учинчи жахон уруши ҳақида савол билан мурожаат қилганида, у “учинчи жаҳон урушида қандай қуроллар билан жанг қилишларини билмайман-у, аммо тўртинчи жаҳон уруши таёқлар билан бўлишига ишонаман” деган экан. У бу сўзлари билан учинчи жаҳон уруши ер юзини остин-устун қилишига шаъма қилиб ўтганига шубха йўқ. Бугунги кундаги қуролланиш, давом этаётган қирғин-баротлар буюк олимнинг фикрларини исботламоқда. Тахлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда дунё мамлакатлари эга бўлган ядро қуролларининг атиги беш фоизи ишлатилган тақдирда ер шарини ўз ўқидан чиқиб кетишига олиб келар экан. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, у холда ер юзидан нафақат инсонлар йўқолиб кетади, балки сайёрамизнинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетиши турган гап. Ўзи нимани талашаяпмиз, деган саволни берадиган одам борми?




















