Жаҳон | 22:25 / 09.05.2016
26499
2 дақиқада ўқилади

Лондон мэри Трамп АҚШга президент бўлса, эътиқоди туфайли бу мамлакатга бормаслигини билдирди

Лондон тарихидаги биринчи мусулмон мэр Содиқ Хон АҚШга Дональд Трамп президент сифатида сайланадиган бўлса, бу мамлакатга ташрифлар амалга оширмоқчи эмаслигини маълум қилди. Time хабарида келтирилишича, унинг бу аҳдига диний эътиқоди сабаб ҳисобланади.

"Агар Дональд Трамп сайловларда ғолиб чиқиб, мамлакат президентига айланадиган бўлса, менинг диним асослари у раҳбарлик қиладиган мамлакатга боришимга йўл қўймайди. У ҳолда эса мени Америка шаҳарлари мэрлари билан ҳамкорлик қилиб, фикрлар алмаша олмайман", дейди Хон.

Ўз навбатида у Нью-Йорк ва Чикаго шаҳарлари мэрлари билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини айтиб, бу шаҳарларга АҚШдаги президентлик сайловларининг охирги босқичи бошлангунига қадар бориш нияти ҳақида маълум қилган.

2015 йилнинг декабрида АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод бўлмиш миллиардер Дональд Трамп мусулмонларни Қўшма штатлар ҳудудига киритмасликка чақирганди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон унинг бу чиқишига муносабат билдириб, унинг фикрини "фойдасиз, хато ва ўринсиз" дея атаганди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эса республикачилар партиясидан мамлакат президентлиги учун номзоднинг бу чиқиши Қўшма штатларнинг ислом дини масаласидаги позицияси учун шармандали чиқиш бўлганини айтиб ўтган.

Morning Consult маркази томонидан 2016 йилнинг мартида ўтказилган сўровномага кўра, 50 фоиз америкалик Трампнинг мусулмонларни мамлакатга киритмаслик бўйича таклифини қўллаб-қувватлашини кўрсатган.

Мавзуга оид