Жаҳон | 12:57 / 18.10.2025
2766
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон судда айбини тан олмади

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон махфий маълумотларни ошкор қилганликда айбдор эмаслигини айтди. У рафиқаси ва қизига махфий ҳужжатларни юборгани айтилмоқда.

Фото: Leah Millis/REUTERS

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон 17 октябр, жума куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида махфий маълумотларни нотўғри ишлатиш бўйича барча 18 та айблов бўйича айбини тан олмади. Суд мажлиси Мэриленд штатининг Гринбелт шаҳридаги суд биносида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда CNN.

Судга келгач, Болтон журналистлар билан гаплашишдан бош тортди ва суд мажлисида айбини тан олмади. Кейинчалик у шаҳарни тарк этмаслик шарти билан озод қилинди. Иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 21 ноябрга белгиланган.

2021 йил июл ойида Болтоннинг вакили ФТБга унинг электрон почтаси Эрон ҳукумати билан алоқадор бўлган одамлар томонидан бузиб кирилгани ҳақида маълум қилди. Бироқ, у иш материалларига кўра, сиёсатчи ушбу почтадан махфий маълумотларни юбориш учун фойдаланганини хабар бермади.

Терговчилар Болтон махфий маълумотларни шахсий электрон почта ва хабар алмашиш мессенжерлари орқали узатганини аниқлади. Хабар қилинишича, бу Америка расмийлари ва хорижий давлатлар раҳбарлари билан учрашувлардаги эслатмалар бўлган. Бунга АҚШнинг бўлажак ҳарбий амалиётлари ҳақидаги махфий маълумотлар, шунингдек, мамлакатнинг душманлари, хорижий етакчилар ва АҚШ маъмуриятининг ташқи сиёсати ҳақидаги маълумотлар киради. Болтоннинг мактублари унинг рафиқаси ва қизига юборилган бўлган.

2025 йил 22 августда ФТБ Болтоннинг офисини ва уйини тинтув қилди. Сентябр ойида Politico суд ҳужжатларига таяниб, ундан махфий ҳужжатлар, жумладан, оммавий қирғин қуроллари, АҚШнинг БМТдаги миссияси ва «АҚШ ҳукуматининг стратегик алоқалари» билан боғлиқ ҳужжатлар топилгани ҳақида хабар берган эди.

16 октябр куни Мэриленд штатидаги катта ҳакамлар ҳайъати Болтонни махфий маълумотларни нотўғри ишлатишда айблади. Жон Болтон махфий маълумотларни учинчи шахсларга узатиш бўйича саккизта эпизодда ва бундай ҳужжатларни ноқонуний сақлаш юзасидан 10 та эпизодда айбланмоқда. Ҳар бир айблов учун максимал 10 йил қамоқ жазоси назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид