Жамият | 19:40 / 12.05.2016
12937
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида “Санъат ғунчалари” халқаро танлови бошланди

Бугун Тошкент шаҳрида дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги бўйича “Санъат ғунчалари” халқаро танлови бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур нуфузли халқаро танловда Германия, Япония, Россия, Азербайжан, Қозоғистон ва юртимиздан 164 нафардан ортиқ иқтидорли ёш ижрочи иштирок этади.

Ўзбекистон давлат Консерваториясида бўлиб ўтган "Санъат ғунчалари" халқаро танловининг тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Фарҳод Жўраев, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқарув раиси Светлана Инамова, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ҳамда хорижлик ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирок этишди.

Ушбу нуфузли халқаро танловда иштирокчилар ёш тоифасига кўра иккита гуруҳда 11 та йўналишда қатнашмоқда. Танлов жорий йилнинг 10-14 май кунлари бўлиб ўтади.

Халқаро танлов дастурига кўра иштирокчилар 14 май куни қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштиришиб, шаҳардаги тарихий обидалар ҳамда мамлакатимиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида олиб борилган ислоҳотлар билан яқиндан танишадилар.

2016 йилнинг 13 май куни соат 16:00да Ўзбекистон давлат Консерваториясида тантанали тақдирлаш ҳамда танловнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади.

Мавзуга оид