Ўзбекистон | 19:38 / 13.05.2016
7970
2 дақиқада ўқилади

Қонликўл туманида 7 овул, 1 посёлка ва 3 маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайланди

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ошкоралик ва муқобиллик тамойиллари асосида ўтказилмоқда.

Қонликўл туманида 7 овул, 1 посёлка ва 3 маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг 100 дан зиёд маслаҳатчилари сайланади.

– Шу кунга қадар 6 фуқаролар йиғинида сайловлар бўлиб ўтди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қонликўл тумани бўлинмаси бошлиғи Гулжамол Муханова. – Фуқаролар ўзлари яхши биладиган обрў-эътиборли, кўпчиликни эзгу ишларга йўналтира оладиган кишиларни муқобиллик асосида маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчиси этиб сайламоқда.

Тумандаги “Арзимбетқум” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, маҳалла ҳар томонлама чирой очди. Фуқаролар йиғини раиси ташаббуси билан ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар барчага манзур бўлмоқда.

Овул фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловида ана шу муваффақиятлар таъкидланди. Вакиллар йиғилиши иштирокчилари очиқ овоз бериш орқали иккита номзоддан бирини сайлади. Шу пайтгача овул фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келаётган Нукусбой Айтмуратов қайта сайланди. Маслаҳатчилар орасидан ҳам обрўли, бошқаларга ўрнак бўла оладиган номзодларга овоз берилди.

А.Оортиқбоев, ЎзА мухбири.

Мавзуга оид