Жаҳон | 14:55 / 28.06.2016
8025
2 дақиқада ўқилади

FT: Brexit дунё иқтисодиётига 3 триллион долларга тушди

Дунё фонд бозорлари Буюк Британиядаги Brexit'га оид референдум натижаларидан сўнг икки кун ичида 3 триллион доллар рекорд маблағни йўқотган. Бу ҳақида  Financial Times хабар берди. 

Биржа таҳлилчиларининг таъкидлашича, савдонинг биринчи кунида савдо майдонларидаги инқироз - инвесторлар пул ишлаб олмоқчи бўлган қисқа позицияларнинг сотуви билан изоҳланганди, чунки кўпчилик Буюк Британия аҳолисининг ЕИда қолиш учун овоз беришига ишонганди.

Шок натижа қисқа позицияларнинг рекорд даражада сотилишига олиб келди ва бу табиийки, инқирозни юзага келтирди.

Референдумдан кейинги иккинчи савдо куни буткул ўзгача мантиққа эга бўлди. Инвесторлар узоқ муддатли инвестицияларга ўз муносабатларини қайта кўриб чиқишди ҳамда потенциал хавфга эга бўлган активлардан қутилишди. 

Convergex бош стратеги Николас Коласнинг таъкидлашича, жуда кам сонли инвесторлар референдумдан бундай натижа кутишган. 

S&P Global Broad Market index (BMI) жаҳон индекси икки кун ичида 6,9 фоизга тушиб кетди, бу 2008 йилнинг ноябридан антирекорд натижа бўлди. S&P 500 савдо майдонидан тахминан 1 триллион доллар олиб чиқилди. Умумий ҳисобда шу кунлар ичида тахминан 2,8 триллион доллар олиб чиқилган, ривожланаётган бозорлардан эса - 179 миллиард доллар. Таҳлилчиларнинг маълум қилишича, инвесторлар ҳозирча барқарорлашувни прогнозлаштира олишмайди, чунки референдум туфайли ноаниқлик даражаси жуда юқори. 

"Инвесторларга ҳеч бўлмаганда бир неча метрикаларда: Британия фунти, евро ва акцияларда барқарорлик керак", - дейди Колас. 
 

 

Фото:REUTERS

Мавзуга оид