Жамият | 15:58 / 04.07.2016
16271
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Майкл Жексоннинг собиқ хотини саратонга йўлиқди

Поп-мусиқаси юлдузи Майкл Жексоннинг собиқ хотини кўкрак саратонига дучор бўлди. Бу ҳақида TMZ хабар қилди. 

Нашрнинг маълумотига кўра, Дебби Роуга бундай ташхис яқиндагина қўйилган. У кейинги ҳафтада жарроҳлик операциясини бошдан кечириши кутилмоқда. 

Роунинг қизи 18 ёшли Пэрис Жексон онасининг оғир касаллиги тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмас, зеро у бир йил аввал онаси билан алоқасини узган. 

Манбага кўра, мусиқа қиролининг ўлимидан сўнг Роу қизи билан жуда яқин муносабатларда бўлган, бу эса оиланинг бошқа вакилларига ёқмаган. Роунинг тахмин қилишича, Жексонга унинг қариндош-уруғлари таъсир ўтказишган. 

"Дебби жуда аянчли аҳволда, лекин қизи томонидан қандайдир руҳий далдага умид ҳам қилмаяпти", - деб ёзади нашр. 

Майкл Жексон ва Дебби Роу 1996 йилда турмуш қуришган. Роу мусиқа юлдузидан бир ўғил ва бир қиз кўрган. 1999 йилда эса жуфтлик ажрашган, болаларга ворислик қилиш ҳуқуқи отага берилган. Жексон 2009 йилнинг 25 июнида ҳаётдан кўз юмган. 

Мавзуга оид