Фан-техника | 21:29 / 05.07.2016
7816
2 дақиқада ўқилади

Samsung’нинг Хитойдаги штати икки йил ичида 13 баробар қисқарди

Samsung Electronics компаниясининг Хитойдаги штати икки йил ичида 13 баробардан ортиқ қисқарди. Бу ҳақида Korea Herald маълум қилди

2013 йилга қадар компания смартфонларнинг энг йирик сотувчиси бўлган, маҳаллий корхоналарда 60 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатган. 2015 йилда эса ишчилар сони 4,5 минг нафарни ташкил қилган. Ишчи ўринлар сони деярли 12 мингга қисқарган. 

Ўтган йили Samsung Хитойнинг смартфон ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялар рўйхатида бешинчи ўринга тушиб кетди, ундан аввалги поғоналарда маҳаллий Huawei, Oppo ва Vivo компаниялари жойлашган.

Samsung’нинг ХХРдаги муваффақиятсизликлари даромадга ўз таъсирини кўрсатмоқда. 2013 йилда корпорациянинг даромадлари 40,1 триллион (34,9 миллиард доллар)ни ташкил қилган бўлса, кейинги икки йилда бу кўрсаткич 33 ва 31 триллион вонга тушиб кетган.

Таъкидлаш жоизки, Samsung фақатгина Хитойдаги ходимларини бўшатаётгани йўқ. Корея бозорида компания 2,5 минг ишчи ўринларини бекор қилди. Лотин Америкасида Samsung ходимлари сони 3 минг кишига камайди, Европада ҳам худди шундай таназзул кузатилмоқда.

Бироқ 2015 йилнинг охирига келиб Samsung’нинг дунё миқёсидаги штати 325 677 кишига ўсди. Бундай ўсиш компаниянинг йирик корхоналари жойлашган Жануби-Шарқий Осиё ҳисобига тўғри келади. Ўтган йили бу минтақадаги компания штатига 28 минг ишчи қўшилган.

Мавзуга оид