Ўзбекистон | 14:38 / 11.07.2016
12118
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистонга 450 миллион доллар кредит ажратиши мумкин

Google image

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат жанубида жойлашган Қашқадарё вилоятидаги Толимаржон иссиқлик электростанциясини (ИЭС) кенгайтириш ишларига Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) кредитини жалб қилишни режалаштирмоқда. 

ОТБ расмий сайтининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Толимаржон ИЭС модернизациясининг иккинчи босқичини амалга ошириш учун 450 миллион доллар миқдоридаги кредитни жалб қилмоқчи. 

Дастлабки ИЭС лойиҳаси 2016 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқилиши кутилмоқда. ОТБ кредит сўровини 2017 йилнинг бошида кўриб чиқади. 

Лойиҳада 2020 йилгача яна иккита 450 МВт қувватга эга буғ-газ созламасининг (БГС) қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 900 миллион долларни ташкил қилади. 

Шуни таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai компаниялари бугунги кунда Толимаржон ИЭСни модернизациялаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳанинг қиймати - 861 миллион доллар.

Шартномага кўра, консорциум 450 МВт қувватга эга икки БГС станциясида "Калит" қурилишни амалга оширади. Mitsubishi Corporation (Япония) БГС провайдери ҳисобланади. Қурилишнинг тугатилиши 2016 йилнинг декабрь ойига мўлжалланган.  
 
Умумий қиймати 1,28 миллиард доллар бўлган лойиҳанинг молиялаштирилиши ОТБнинг 350 миллион долларлик, Япония халқаро тараққиёт агентлигининг (JICA) 300 миллионлик ҳамда Ўзбекистоннинг Тикланиш ва тараққиёт фондининг 250 миллион долларлик  кредити, шунингдек "Ўзбекэнерго" АЖнинг шахсий маблағи ҳисобига амалга оширилмоқда.

 

Мавзуга оид